Бир неча “сувчилар” аҳолининг сув пулини “ичиб юборди”
3-саҳифа
−
15 Ноябрь
3486“Ўзсувтаъминот” АЖ Сирдарё вилоят бўлими назоратчиси Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи 36 нафар шахснинг ичимлик суви учун тўлаган 52 млн 427 минг 706 сўм пул маблағларини ўзлаштириб юдорди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, назоратчи акциядорлик жамияти ва фуқароларнинг ҳисоб рақамига мазкур пулларни кирим қилмасдан, ўзининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Ў.Б.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар Сирдарё вилояти прокуратурасига тақдим қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади матбуот котиби маълумотида.
Шу билан бирга, “Хоразм сув таъминоти” АЖнинг 5 та туман филиали масъул шахслари ҳам истеъмолчиларнинг ичимлик суви учун тўлов қилинган жами 380 млн сўм маблағларини банк ҳисоб рақамларига кирим қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан эса Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилётгани айтилди.
Маълумот учун, аввалроқ соҳада шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг 1 декабридан республика миқёсида ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни фақат электрон шаклда қабул қилиш тизимига ўтилиши, назоратчи ва сув таъминоти ходимларига тўловларни нақд пул кўринишида амалга ошириш тўхтатилиши маълум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Фарғона вилоятида Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи пора билан қўлга тушганди.
LiveБарчаси