Беўхшов “Таshkent city”, Шаҳрисабздан воз кечмоқчи бўлган UNESCO, яшиллик йўқолаётган Тошкент. Ўзбек архитекторлари дардини айтди
Таҳлил
−
13 Октябрь 2023
14437Кеча, 12 октябрь куни пойтахтда “Тошкент Архитектура фестивали”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда маҳаллий ҳамда хорижлик архитекторлар қатнашди. QALAMPIR.UZ мухбири эса мазкур соҳа вакилларидан Ўзбекистоннинг миллий архитектураси, шаҳарсозлиги ҳақида қисқача интервью олишга муваффақ бўлди.
Фестиваль иштирокчиси, Меъморлар уюшмаси аъзоси Александр Курановнинг айтишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилаётган замонавий бинолар талабга жавоб бермайди.
“Бугун ташриф буюрган меҳмонларга фақатгина шаҳарнинг тарихий қисми кўрсатилмайди, уларга осмонўпар бинолар ҳам кўрсатилади. Аммо уларда муаммо етарлича. Мисол учун, “Таshkent city”ни олсак, у ердаги энг катта камчилик бу унинг жойлашишидир. Шунингдек, унда қурилган осмонўпар биноларнинг жойлашуви ҳам нотўғри. Уни бошқа бурчакка қуриш мумкин эди. Масалан, Тошкент цирки ёки “Чорсу” меҳмонхонасига яқин ҳудудда ёхуд умуман Чорсу бозорига яқин жойда қурилса шаҳарнинг эски ва янги қисмини боғлаш мумкин бўларди.
У ердаги яна бир муаммо турар-жойлар бўлиб, бир жойнинг ўзида турли услубдаги бинолар ёнма ён қурилган. Бири туркча йўналишда бўлса, иккинчиси тушунарсиз бўлган минимализм йўналишида қад ростлаган. Менинг бир танишим ўша комплексда яшайди. Уйнинг ошхонасида ёруғлик тўғри берилмаган. Ваҳоланки, биз ошхонада овқат пиширамиз, меҳмон кутамиз. Улар қандайдир европача услубда қуришган, лекин бизга жуда ноқулай. Асосий муаммолар мана шунда”, дейди урбанист.
Шаҳарсоз Куранов фақатгина бу жавоб билан чекланиб қолмади. У меъморчилик йўналишида халқаро муносабатларни кўпайтириш зарурлигини айтди.
“Халқаро алоқаларни ривожлантириш керак. Чунки бошқалар қандай ишлаётганини кўриш шарт. Мисол учун, бугунги фестивалда Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон давлатлари қизиқарли лойиҳалари билан келишди. Тажриба муҳим, уни ўрганиш керак. Бугунги дунё жуда катта қарама-қаршиликларга бой-бўлса ҳам биз архитекторлар бир-биримизга дўст бўлишимиз керак”, дейди у.
Архитектура фанлари номзоди, профессор, Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси кенгаши аъзоси Муродхон Усмонов эса бугунги кунда кўпроқ маҳаллаларга эътибор бериш, ўрта даврларда қурилган анъанавий турдаги турар жойларни асраш кераклиги ҳақида гапирди.
“Биргина Шаҳрисабзни олиб кўрсак, у UNESCO’нинг рўйхатидаги шаҳар эди. Аммо ўша ҳудуддаги маҳаллалар бузиб ташланди. Шундан сўнг, маҳаллаларни қайта тиклаш учун UNESCO бизга беш йил муддат берди. Агар биз мана шу беш йил ичида уларни қайта тиклай олмасак, шаҳар рўйхатдан чиқариб ташланади. Биз қадимий маҳалла ҳудудларини сақлашимиз керак”, дейди у.
Шунингдек, профессорнинг таъкидлашича, бугунги кунда пойтахтда яшил ҳудуд кескин қисқариб кетган. Бу эса шаҳар аҳолисининг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
“Тошкентнинг юзи кўкаламзорлик эди. Бугунги кунда бир нафар одамга Тошкент шаҳрида атиги 3 метр квадрат яшил ҳуқуд тўғри келади. Қоида бўйича 17-18 метр квадрат бўлиши керак эди. Ҳозирда ишлаб чиқилаётган шаҳар бош режасида ҳам яшиллик киши бошига атиги 8 метр квадратга етказилмоқда. Кўкаламзор ҳудудлар бу шаҳарнинг ўпкасидир. Мисол учун, жарроҳ одамнинг ўпкасини тешиб ташласа, у ногиронга айланади. Демак, биз ҳозирда “инвалид” шаҳарларда яшаяпмиз”, дейди у.
Фестивалнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси раиси Азамат Тўхтаев эса ҳозирги замонавий биноларни миллий архитектура деталлари билан бойитиш кераклигини айтмоқда. Фақат шундагина, маҳаллий архитектура бошқа давлатларнинг меъморчилигидан ажралиб туради.
“Ҳар битта бинонинг ўз “адрес”и бўлиши керак. Мисол учун, сайёҳлар келганида бизнинг тарихий биноларимиз билан замонавий биноларимизга қараб ўзига хослигимизни билиши зарур. Умуман олганда, дунё меъморчилигидаги энг қийин жараёнлардан бири бу замонавий ҳамда миллий архитектурани уйғунлаштириш ҳисобланади. Бунинг учун катта архитектор бўлиш, ўша ҳудуднинг тарихини яхши билиш керак. Мана IT Park биносини олсак, у ерда ҳамма нарса ойнадан қилинган. Хоҳлаган шаҳарга бориб кўрсангиз ойнабанд бинолардан ҳатто бундан яхшиларини кўриш мумкин”, дейди уюшма раҳбари.
LiveБарчаси