Белгородда даҳшатли портлаш юз берди. Бу ҳужумми ёки..?
Олам
−
21 Апрель 2023
11474Кеча, 20 апрель куни кечқурун Россиянинг Белгород шаҳридаги Ватутина ва Галкин кўчалари кесишмасида портлаш содир бўлди. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги портлаш сабабини Россия Аэрокосмик кучларининг Су-34 самолёти шаҳар узра парвози вақтида авиация ўқ-дориларини ноҳагон тушириб юбориши билан изоҳлади.
“2023 йилнинг 20 апрелида Москва вақти билан соат 22:15 атрофида Аэрокосмик кучларнинг Су-34 самолёти Белгород шаҳри узра парвози чоғида авиация ўқ-дориларини тушириб юборди. Оқибатда турар-жой бинолари шикастланган”, дейилади вазирлик хабарида.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков эса фавқулодда ҳолат бўлгани, портлаш оқибатида қурбонлар бўлмаганини маълум қилган.
“Марказий кўчалардан бири чорраҳасида радиуси 20 метрли улкан чуқур ҳосил бўлган. Қўшни хонадоннинг ойналари шикастланган. Тўхтаб турган бир нечта машина портлаш тўлқинидан зарар кўрган ва электр узатиш линиялари ишдан чиққан”, дейди губернатор.
Шунингдек, Вячеслав Гладков ҳудудни ўрганиш натижасида Шаландина кўчасидаги кўп қаватли уйнинг 4 та хонадонида вайронагарчилик бўлганига аниқлик киритган. Шикастланган квартиралар эгаларига вақтинча меҳмонхонада яшаш таклиф қилинган. 4 та машина ҳам зарар кўрган. Ҳодиса оқибатида уч киши жароҳатлангани қайд этилган.