Бельгияда 1 апрель ҳазили тартибсизликларни келтириб чиқарди
Олам
−
02 Апрель 2021
5365Кеча, 1 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳазил сабаб Брюссель жанубидаги Буа де ля Камбр боғида тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувлар содир бўлди. Бу ҳақда “Euronews” нашри ёзмоқда.
Маълум қилинишича, паркда мусиқий фестивал ўтказилиши тўғрисидаги ёлғон хабар туфайли кўп минглаб одамлар хиёбон майдонига йиғилган. Март ойининг бошида ижтимоий тармоқларда 1 апрель куни Буа де ля Камбр паркида “La Boum” мусиқий фестивали бўлиб ўтиши тўғрисида ҳазил хабарлар тарқалган. Ўша хабарларда мусиқий фестивалга бутун Европадан 200 дан ортиқ диджейлар таклиф қилингани, боғда 5 та саҳна ўрнатилиши ва иштирокчиларга қулай бўлиши учун Париж, Лондон ва Амстердамдан автобуслар ташкиллаштирилиши ҳамда буларнинг барчаси бепул бўлиши айтилган.
Тарқатилган эълонларда ушбу хабар ҳазил экани ҳақида бир қатор кўрсатмалар ҳам мавжуд бўлган. Бироқ, бу вазиятни тинч сақлаб қолмади ва куннинг иккинчи ярмига келиб, паркда 5 мингдан ортиқ одам тўпланди. Бешта саҳнани тополмаган ёшлар, боғнинг марказида жойлашган сув ҳавзаси атрофида гуруҳланиб, дам олишни уюштира бошлаган. Йиғилганлар карнайлар олиб келиб, мусиқий фестивални ўзлари мустақил ташкиллаштирган.
Орадан бир соат вақт ўтиб, паркка ташриф буюрган полиция рақсни тўхтатиб қўйган. Улар дастлаб, йиғилганлар карантин меъёрларини бузётгани ҳақида хабар бериб, тарқалишни сўраган. Бунга жавобан рақсга тушаётганлар озодлик ҳақидаги шиорларни айтиб, полиция ходимларига идиш ва бутилкаларни улоқтирган.
Шундан сўнг, воқеа жойига сув пуркагич автомобиллар ва отлиқ полиция етиб келиб, паркда йиғилганларни тарқалишга мажбур қилган. Ушбу ҳодиса оқибатида бир неча киши ҳибсга олинган ва бир нафар полиция ходими жароҳатланган.
Маълумот ўрнида, Бельгияда коронавируснинг учинчи тўлқини давом этмоқда, март ойининг бошидан бери касалланишлар сони кўпаймоқда. Қироллик Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, охирги ҳафтада ўртача кунлик аниқланган янги ҳолатлар сони 4,8 мингдан ошган. 26 мартдан бошлаб мамлакатдаги барча дўкон ва мактаблар қайта ёпилган.
LiveБарчаси