Беларусдаги ўзбекистонлик таниқли дипломат коронавирусдан вафот этди
Жамият
−
25 Апрель 2021
8593Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси маслаҳатчиси, сиёсий фанлар доктори Дониёр Обидов коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев “Hurriyat” газетасида чоп этилган мақоласида маълум қилди.
“Шу ойнинг илк кунларида Беларусдан хабар келди. Минскдаги Ўзбекистон элчихонасида ишлаб турган дўстимиз, укамиз, сиёсий фанлар доктори Дониёр Обидов коронавирус туфайли вафот этибди”, деб ёзган Шуҳрат Ризаев.
Ўзбек дипломатининг ўлими ҳақидаги хабар Беларусдаги “Звязда” нашриёт уйи директори Алесь Карлюкевич томонидан юборилган.
Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари таниқли дипломатнинг вафоти ҳақида хабар бергани йўқ. Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси расмий сайтида кўрсатилган маълумотга кўра, Дониёр Обидов ҳамон сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимида фаолият юритмоқда.
Дипломат ва олим сифатида ҳурмат қозонган Дониёр Обидов Ўзбекистон ҳамда Беларусь ўртасидаги турли соҳадаги ҳамкорлик, хусусан, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш йўлида фаолият юритиб келаётган эди.
Беларусдаги “Звязда” нашриёт уйи икки давлатнинг маданий-гуманитар алоқалари равнақига катта ҳисса қўшган марҳум дипломат Дониёр Обидов хотирасини абадийлаштириш, жумладан, Минскдаги кўча ёки мактаблардан бирига унинг номини беришни таклиф қилган.
LiveБарчаси