Бельгияда тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғини Германия чегарасигача борди

Олам

image

Бельгияда мамлакат тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғинларидан бири давом этмоқда. Шарқдаги “High Fens” табиий қўриқхонасида бошланган ёнғин қарийб 2 700 гектар ҳудудни қамраб олган. Бу ҳақда DW хабар берди.

Ёнғин жорий йилнинг 14 август куни бошланган ҳамда қарағай ўрмонлари бўйлаб тез тарқалган. Шамол йўналишининг ўзгариши ва кучли тутун сабабли Бельгиянинг Уэймс, Сауэрбродт ва Бютгенбах ҳудудларидаги қарийб 600 нафар аҳолига хавфсиз жойга кўчиш тавсия этилган.

Маҳаллий ҳокимият ёнғин турар жойларга етиб бориши хавфи мавжудлигини билдирган. Эвакуация қилинганлар учун қўшни муниципалитетдаги спорт залларидан бири вақтинча бошпана сифатида очилган.

Ёнғинни ўчириш ишлари ҳудуднинг мураккаблиги сабаб қийин кечмоқда. Айрим жойларга техника билан етиб боришнинг имкони йўқлиги сабабли қутқарувчилар асосан авиация воситаларидан фойдаланмоқда.

Бельгия Европа Иттифоқининг фуқаролик муҳофазаси механизмини ишга туширган. Натижада Чехия, Швеция ва Нидерландиядан учта вертолёт ҳамда иккита сув ташувчи самолёт ёнғинни ўчириш ишларига жалб этилган. Германия ва Люксембург қутқарувчилари ҳам операцияда иштирок этмоқда. Маҳаллий фермерлар ҳам фавқулодда хизматларга ёрдам бериб, ёнғин тарқалиши мумкин бўлган ҳудудларни сув билан намламоқда.

Ёнғиннинг Германия томон силжиши хавфи сабаб Моншау шаҳрида 17 та хонадондаги 30 га яқин аҳоли эҳтиёт чораси сифатида уйларини тарк этган. Бироқ кейинчалик ёнғин Германия чегараси томон ҳаракатланмаётгани маълум қилинган. Бунга енгил ёмғир, шамолнинг пасайиши ва ҳавонинг намлиги ёрдам берган.

Моншау Эйфель ҳудудидаги сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган шаҳарлардан бири бўлиб, унда қарийб 12 минг киши истиқомат қилади. Шаҳардан тахминан 23 километр узоқликда Германиядаги яна бир йирик ўрмон ёнғини содир бўлган ва 14 август куни қарийб 2 минг киши эвакуация қилинган.

Бельгияда сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати яна кескин кўтарилиб, айрим ҳудудларда 37 даражагача етган. Мутахассислар инсон фаолияти оқибатидаги иқлим ўзгариши иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитларини кучайтираётганини, бу эса ўрмон ёнғинларининг тезроқ тарқалиши ва узоқроқ давом этишига сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.

Европа комиссари Хаджа Лахбиб Бельгиядаги ёнғинни қитъада кузатилаётган иқлим ўзгаришларининг навбатдаги белгиси сифатида баҳолаган. Унинг қайд этишича, ўрмон ёнғинлари мавсуми ҳеч қачон бу қадар эрта бошланиб, Европанинг бундай шимолий ҳудудларигача етиб бормаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хорватиянинг сайёҳлик шаҳри Омишда кучли шамол туфайли ўрмон ёнғини содир бўлиб, мингга яқин киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг