Бекзод Абдураҳмонов Сербиядаги мусобақада икки карра жаҳон чемпиони билан баҳслашди
Спорт
−
18 Сентябрь 2023
4301Шу кунларда Сербия пойтахти Белград шаҳри мезбонлигида спорт курашлари бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мазкур мусобақанинг кеча, 17 сентябрь куни эркин кураш бўйича бўлиб ўтган беллашувларида Ўзбекистон вакили Жавраил Шапиев бронза медали учун баҳсга киришган. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўзбекистонлик спортчи Жаҳон чемпионатининг 3-ўрини учун кечган курашда рақибига имкониятни бой берган бўлишига қарамай, кейинги беллашувдаги ғалабаси билан Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.
Шунингдек, Токио Олимпиадасининг бронза медали соҳиби Бекзод Абдураҳмонов -74 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этган. У илк босқичда польшалик Камил Рибичкини 12-1 ҳисобида мағлуб этган, бироқ 1/16 финалда Токио Олимпиадаси чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони, россиялик Заурбек Сидаковга ютқазиб қўйган.
Сидаков финалга йўл олгани боис, Абдураҳмоновда бронза медали ҳамда Париж Олимпиадаси учун имконият сақланиб қолган. Бунинг учун у биринчи галда ўтиш баҳсида грузиялик Автандил Кенчадзени мағлуб этиши керак бўлади.
Жаҳон чемпионатининг -57 килограмм вазн тоифасида эса Ғуломжон Абдуллаев Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган. У илк босқичда Шри-Ланка вакили Гаян Эканаякани мағлуб (10-0) этган бўлса, 1/8 финалда сербиялик Стефан Мичичга ютқазиб (2-7) қўйган.
Аҳамиятлиси Мичич финалга йўл олгани боис, Абдуллаевда ҳам бронза медали ва Париж Олимпиадаси учун курашиш имконияти юзага келган. Бугун, 18 сентябрь куни Ғуломжон ўтиш баҳсида кореялик Ким Гук Хеонга қарши гиламга чиқади.
-92 килограмм вазндаги ўзбекистонлик эркин курашчи Рустам Шодиев биринчи даврада польшалик Михал Ян Беилавскидан 10-2 ҳисобида устун келган. Аммо 1/8 финалда грузиялик Мириан Майсурадзега имкониятни бой (0-10) бериб қўйиб, жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлаган. 1/2 финалда қозоғистонлик Ризабек Айтмуханга ютқазган Майсурадзе бугун бронза медали учун курашади.
LiveБарчаси