Бекмурод Абдуллаевга оид йирик коррупция иши судига журналистлар киритилмади
3-саҳифа
−
29 июл 3875 3 дақиқа
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳамда яна 28 кишига оид жиноят иши бўйича суд мажлисига журналистлар киритилмади. Бу ҳақда суд мажлиси бўлиб ўтаётган Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида бўлиб турган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Гап шундаки, собиқ мулозимлар Бекмурод Абдуллаев, Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят ишини кўриб чиқилиши бугун, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани судига белгиланган эди. Бироқ, суд мажлиси охирги дақиқаларда Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига кўчирилди, бу ҳақда аввалдан огоҳлантириш берилмади.
Янгиҳаёт судидан базўр Юнусобод тумани судига етиб борган журналистлар Санжар Махаметов раислигида ўтаётган суд мажлисига киритилмаган. Бунга важ сифатида суд ёпиқ тарзда ўтказилаётгани келтирилган.
QALAMPIR.UZ қўлга киритган маълумотларга кўра, иш ҳамон Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди юритувида қолмоқда. Фақат жавобгарликка тортилганлар, гувоҳлар ва айбланувчиларнинг қариндошлари кўплиги инобатга олиниб, каттароқ залга эга бўлган бино – Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига кўчирилган.
Маълумот учун, суд ҳужжатларига кўра, Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда.
Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.
Илова қилинган суд рўйхатига кўра, айбланувчилар орасида собиқ мансабдорлар Ҳошим Йўлдошев, Жаҳонгир Қурбонов, Дилшод Ташев ва Рустам Турсунов ҳам бор. Уларга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, шунингдек айрим ҳолатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби моддалар бўйича айбловлар илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилди. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислиги Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди. Апрель ойининг ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.
Live
Барчаси