Байден Зеленскийга ваъда берди: Россия Украина учун қанчалик хавфли?
Олам
−
02 Апрель 2021
11182АҚШ Президенти Жо Байден украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан суҳбатда АҚШ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Бу ҳақда Оқ уй веб-сайтидаги хабарда айтилган.
“Президент Байден Россиянинг Донбас ва Қримда давом этаётган тажовузи шароитида АҚШ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлашини тасдиқлади”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Байден Зеленскийнинг коррупцияга қарши курашиш режаси ва Украина халқи учун адолат, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлайдиган умумий демократик қадриятлар асосидаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун стратегик шерикликни фаоллаштиришга содиқлигини таъкидлаган.
“Шунингдек, улар АҚШ ва Украинанинг COVID-19 пандемиясини олдини олиш ва минтақада демократияни мустаҳкамлаш учун яқин ҳамкорликнинг муҳимлигини муҳокама қилди”, дейилади Оқ уй веб-сайтида.
Аввалроқ Байден ва Зеленский АҚШнинг янги Президенти иш бошлагандан бери биринчи марта телефон орқали мулоқот қилишлари ҳақида хабар берилган эди. Ўтган ҳафта давомида икки давлатнинг юқори мартабали амалдорлари ўртасида камида уч марта телефон суҳбати бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Киев ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2014 йил март ойида Қримнинг Россияга қўшилишидан ва ўша йилнинг апрелида Донбассда можаро бошланганидан кейин кескин ёмонлашди. Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисми ўз мустақиллигини эълон қилди. Киев исён кўтарган ҳудудларни куч билан қайтариб олишга уриниб кўрди, аммо бу натижа бермади. Украина Россияни қуролли агрессия ҳамда Қрим ва Донбасс ҳудудларини босиб олганликда айбламоқда. Москва ўзини тўқнашув иштирокчиси деб ҳисобламайди ва даъволарни рад этади.
LiveБарчаси