Байден Украина учун Конгрессдан 11,7 миллиард доллар сўрамоқчи
Олам
−
03 Сентябрь 2022
4133АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинага қурол ва ёрдам учун Конгрессдан 11,7 миллиард доллар сўрамоқчи. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Президент Байден Қўшма Штатлар Украина халқини ўз суверенитетини ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган.
“Ушбу мажбуриятларни бажариш ва тезкор эҳтиёжларни қондириш учун биз 2023 молиявий йилнинг биринчи чорагида хавфсизлик ва иқтисодий ёрдам учун 11,7 миллиард доллар сўраймиз”, дейилади ҳужжатда.
Маълум бўлишича, ушбу маблағларнинг 4,5 миллиард доллари Украина учун ускуналарга, яна 2,7 миллиард доллари бошқа мудофаа ва разведка ёрдамига йўналтирилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Оқ уй ички энергия бозоридаги вазиятни бартараф этиш ва ёқилғи нархини пасайтириш учун яна 2 миллиард доллар сўраган.
Қайд этилишича, ушбу ёрдам партияси АҚШ маъмурияти ихтиёридаги захиралардан эмас, балки хусусий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилади. Пентагон саноатчилардан Украина учун ҳаво мудофаа тизимлари, танкка қарши қуроллар, учувчисиз учиш аппаратлари ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришни тезлаштиришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Украина Бош вазири Денис Шмигаль 24 август куни мамлакат бюджетига АҚШдан 4,5 миллиард долларлик грант ёрдамининг биринчи транши сифатида 3 миллиард доллар тушганини маълум қилган эди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь