Байден Россия ва Саудияга “тош отди”
Олам
−
08 Октябрь 2022
24342АҚШ Президенти Жо Байденнинг фикрича, мамлакатида бензин нархи Россия Федерацияси ва Саудия Арабистонининг ҳаракатлари туфайли ошиб бормоқда.
“Агар республикачилар [АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда] Конгресс устидан назоратни қўлга киритса, биз америкаликлар учун қўлга киритган тарихий ғалабаларимиз олиб қўйилади.
“Истеъмол саватининг нархи пасаймайди, кўтарилади. Мен эса озиқ-овқат нархи ошиб бораётганини тушунаман. Мен бензин нархини 1,6 доллардан (галлон учун) арзонлаштира олдим, лекин Россия Федерацияси ва Саудия Арабистони қилган иш туфайли у аста-секин ошиб бормоқда. Рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар, соғлиқни сақлаш ва энергия нархлари кўтариляпти”, дейди АҚШ раҳбари.
Байден Мэриленд штатидаги Volvo Group заводида Америка иқтисодиётини ривожлантириш ва Қўшма Штатларда турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳақида нутқ сўзлади.
“Америка энди дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиси бўла олмайди, деб қаерда ёзилган? Америка бўйлаб биз “АҚШда ишлаб чиқарилган” шиор эмас, ҳақиқат эканлигини исботлаяпмиз. Биз энг яхши кунларимиз ортда эмас, олдинда эканлигини исботлаймиз”, дейди Байден.
Шу билан бирга, у ўз маъмуриятининг Қўшма Штатлардаги иш ўринлари сонини кўпайтириш, Америка компанияларига сармояларни жалб қилиш, инфляцияга қарши курашишга қаратилган саъй-ҳаракатларига эътибор қаратди, шунингдек, демократларнинг иқтисодий кун тартибининг бошқа жиҳатларини санаб ўтди.
Байден нутқ сўзлаган Volvo Group юк машиналари, автобуслар, двигателлар ва турли қурилиш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания сайтидаги маълумотларга кўра, Volvo Group’нинг асосий акциядори Хитойнинг Geely автомобиль компанияси ҳисобланади.
OPEC+ келишувида иштирок этувчи давлатлар 5 октябрь куни Венада бўлиб ўтган йиғилишда нефть қазиб олишни ноябрь ойидан бошлаб кунига 2 миллион баррелга қисқартиришга келишиб олди, шунингдек, келишувни 2023 йил охиригача узайтирди. Йиғилиш якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда, шунингдек, ишлаб чиқаришни қисқартириш тўғрисидаги қарор ҳам жаҳон иқтисодиёти, ҳам нефть бозоридаги ноаниқликларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилингани қайд этилган.
LiveБарчаси