OPEC+ нефть қазиб олишни қисқартиришга келишиб олди
Олам
−
06 Октябрь 2022
6807OPEC+ вазирлар мониторинг қўмитаси нефть қазиб олишни кунига икки миллион баррелга қисқартиришга келишиб олди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги учта манбага таяниб хабар бермоқда.
Шу фонда Лондон фонд биржасида Brent нефтининг нархи ўсишни бошлади ва бир баррель учун 93 доллардан ошди.
OPEC+ ахборотида айтилишича, икки миллион баррелга қисқартириш ҳақиқий ишлаб чиқариш эмас, балки квоталар ҳисобидан амалга оширилади. Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак Россиянинг квотаси кунига 11 миллион баррелдан 10,5 миллион баррелгача камайтирилишини айтди.
“Bloomberg” агентлигига кўра, 5 октябрь куни Венада бўлиб ўтган OPEC аъзолари ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг кенгайтирилган йиғилиши иштирокчилари нефть қазиб олишни камайтиришнинг бошқа вариантларини – кунига бир миллион ва 1,5 миллион баррелга қисқартиришни ҳам муҳокама қилишди, бироқ якунда максимал қисқартиришга келишиб олдилар.
Манбаларнинг CNN’га айтишича, АҚШ нефть қазиб олишни қисқартириш истиқболига “бутунлай фалокат” сифатида қараб, Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини ишлаб чиқаришни қисқартириш учун овоз беришдан қайтаришга уринган. “Financial Times” таҳлилчиларига кўра, нефть нархининг кескин ошишига туртки бўлаётган ишлаб чиқаришни қисқартириш уруш даврида Россиянинг нефть даромадларини чекламоқчи бўлган АҚШ томонидан жавоб чораларини келтириб чиқаради.
LiveБарчаси