Байден ғолиб. Дунё етакчилари табрик йўллашни бошлаб юборди

Олам

image

АҚШ оммавий ахборот воситалари Демократик партиядан номзод Жо Байденни АҚШнинг янги президенти деб эълон қилди ва овозларни ҳисоблаш давом этмоқда. 
Шу муносабат билан хорижий сиёсатчилар ва давлат раҳбарлари Жо Байденни ғалаба билан табриклашни бошлаб юборишди.

Биринчилардан бўлиб Канада Бош вазири Жастин Трюдо табри йўллади. “Жо Байден ва Камала Харрисни табриклайман. Мамлакатларимиз яқин дўстлар, шериклар ва иттифоқдошлардир. Бизнинг муносабатларимиз дунё миқёсида ноёбдир. Биргаликда ишлашни ва бу муносабатларни ривожлантиришни кутяпман”, деб ёзди у Twitter’даги саҳифасида.

Франция Президенти Эмманюэль Макрон ҳам ўз табрикларини Twitter орқали билдирди. “Америкаликлар ўзларининг Президентини танлади. Жо Байден ва Камала Харрисни табриклайман. Бугунги қийинчиликларни енгиш учун бизда кўп ишлар қилиш керак. Келинг, биргаликда ишлайлик!”, деб ёзди у.

Байденнинг ғалабаси муносабати билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатлар ўртасида самарали ҳамкорлик қилишига умид билдирди. “Жаноб Жо Байденни АҚШ Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклайман. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилишларини кутмоқдаман ", деб ёзди Тўқаев Twitter’да.

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Байден ва Харриснинг ғалабасини тарихий деб атади ва келгусида иқлим, савдо ва хавфсизлик бўйича биргаликдаги ишларга умид билдирди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Америка ва Европа ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун "сайланган президент Байден, вице-президент Камала Харрис ва янги маъмурият билан жуда яқин ҳамкорликни кутаётганини", айтди.

Лондон мэри Содиқ Хон Байден ва Харриснинг ғалабаси муносиб эканлигини айтиб, "деворлар эмас, балки кўприклар қуришга қайтиш вақти келди", деб ёзди.

Бундан ташқари, Фиджи Бош вазири Фрэнк Мбаинимарама, Молдова собиқ Бош вазири Влад Филат, Бельгия Бош вазири Александр Де Кроо, Германия канцлери Ангела Меркель номидан унинг матбуот котиби Штеффен Зайберт, Грузия ҳукумати раҳбари Георгий Гахария, Австралия бош вазири Скотт Моррисон, Абу-Даби шаҳзодаси Муҳаммад бин Зейд Аль Ноҳайон, Иордания қироли Абдулла II, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис, АҚШнинг 42-Президенти Билл Клинтон, АҚШнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон ва АҚШнинг 44-Президенти Барак Обама Жо Байденнинг ғалабаси муносабати билан ўз фикрларини билдириб, табрик йўллашган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Байден

Баҳолаганлар

480

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг