Байден Афғонистоннинг музлатилган пулларини қайтариш ҳақида қарорни имзолади, аммо…
Олам
−
12 Февраль 2022
9792АҚШ Президенди Жозеф Байден Афғонистондаги “Толибон” қўлига ўтиши ортидан мамлакатнинг музлатилган пулларини қайтариш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди. Бу ҳақда кеча, 11 февраль куни Оқ уй ўзининг расмий баёнотида маълум қилган.
Билдирилишича, АҚШ томонидан музлатилган пуллардан ажратилаётган 7 миллиард доллар атрофидаги маблағнинг ярми очарчиликдан азият чекаётган афғон ҳалқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун ажратилади.
Қолган ярми эса, 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда уюштирилган 9/11 террористик ҳужум оқибатида қурбон бўлган америкаликларнинг оила аъзоларига компенсация тариқасида тарқатилади.
Президент Байден томонидан имзоланган ҳужжатда қайд этилишича, “АҚШ маъмурияти афғон халқи манфаати ва Афғонистон келажаги учун ҳозирда Нью-Йорк Федерал резерв тизимида сақланаётган афғон активларидан 3,5 миллиард долларга яқин маблағларни Афғонистонга қайтаради”.
Қайд этилишича, маблағлар АҚШ судининг қарорига асосан ажратилади.
Бундан ташқари, ажратилаётган маблағларнинг қолган ярми, яъни 3,5 миллиард доллар АҚШда сақлаб қолинади ва Афғонистон террористик гуруҳлари томонидан уюштирилган 9/11 теракти оқибатида ҳалок бўлганларнинг судда “Толибон” устидан бир неча бор ғалаба қозонган яқинларига берилади.
Таъкидланишича, ушбу фуқаролар Афғонистоннинг маблағларига ҳаққоний тарзда эга ва маблағ уларга суд қарори билан берилади.
Оқ уйга кўра, афғон халқига юборилаётган маблағларнинг ҳар қандай йўл билан “Толибон” қўлига тушиб қолиши қаттиқ назорат қилинади.
2021 йил август ойида Афғонистонда бошқарув “Толибон” томонидан эгаллаб олиниши ортидан, халқаро ташкилотлар ва молия жамғармалари Афғнистонга тегишли бўлган 10 миллард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни музлатиб қўйган. Ушбу маблағларнинг 7 миллард доллар атрофидаги қисми АҚШда сақланаётган эди.
Ҳокимият тепасига келган “Толибон” АҚШ ва халқаро ташкилотлардан Афғонистоннинг музлатилган пулларини афғон халқига қайтаришни талаб қилиб келаётган эди. “Толибон” пулларни қайтариш ва афғон халқига кўрсатиб келинган гуманитар ёрдамларни яна қайта йўлга қўйиш борасида БМТ ва АҚШ ҳукумати билан бир неча бор музокаралар олиб борган.
Маълумотларга кўра, иқтисодий муаммолар қуршовида бўлган Афғонистон “Толибон” ҳукуматни эгаллашидан аввал 75 фоиз озиқ-овқатни халқаро донорлардан гуманитар ёрдам сифатида қабул қилган. Ҳукумат “Толиблар” қўлига ўтгач, деярли барча халқаро ёрдамлар тўхтатилган эди.
БМТга кўра, 2022 йилда мамлакатнинг 95 фоиз аҳолиси жиддий очарчиликни бошидан кечириши тахмин қилинмоқда.
LiveБарчаси