“Барселона” кимлар билан хайрлашмоқчи?
Спорт
−
10 Июль 2023
5371Испаниянинг “Барселона” клуби ёзги трансфер ойнасида 8 нафар футболчиси билан хайрлашмоқчи. Бу ҳақда AS хабар берди.
Манбага кўра, Самуэль Умтити билан шартнома бекор қилинганидан сўнг каталонияликлар Клеман Лангле ва Сержиньо Дест билан ҳам хайрлашиш ниятида. Юқорида номлари келтирилган ўйинчилар клубда юқори маош олади, шунинг учун “Барселона” ҳар қандай ҳолатда ҳам улардан қутулмоқчи.
Нико Гонсалес ва Алекс Колладо кетишга унчалик шошилмаяпти, аммо барча кўрсаткичлар уларнинг фаолиятини вақтинча бошқа клубларда давом эттиришини кўрсатмоқда.
“Барселона” асосий жамоанинг яна беш нафар футболчисини сотишни кўриб чиқмоқда. Жумладан, Пабло Торре ижарага берилиши кутилмоқда. Мураббийлар штаби унга мунтазам ўйин амалиёти керак, деб ҳисобламоқда, шунинг учун Каталония клуби уни ижарага бермоқчи.
Хави билан бир неча ҳафта олдин бўлиб ўтган суҳбатдан кейин кетишга тайёр бўлган Френк Кесси ҳам клуб билан хайрлашади.
“Кўк-анорранглилар” Ферран Торресни ҳам сотмоқчи, аммо унинг трансферини ташкил қилиш жуда қийин. Агар Эрик Гарсияга таклиф тушса, мураббийлар штабининг ишончига қарамай, у ҳам сотилади. Шунингдек, клуб Ансу Фатини ҳам сотишга тайёр, аммо футболчининг ўзи жамоадан кетиш ниятида эмас. “Барселона”да қолишга бўлган бундай кучли истак раҳбарият томонидан юқори баҳоланди, шунинг учун Фатига ўзини кўрсатиш учун охирги имконият берилиши ҳам қўшимча қилинмоқда.
Агар Барселона саккиз нафар футболчисини сотса ёки ижарага берса, у ҳолда клуб ёзда яна икки нафар янги футболчини қўлга киритиши мумкин бўлади.