“Барселона” Дубайда ҳашаматли тураржой мажмуаси қуради – ОАВ
Спорт
−
30 Январь 793 1 дақиқа
Испаниянинг “Барселона” клуби Дубай шаҳрида “Барса” бренди остида ҳашаматли тураржой мажмуасини қуриш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда “Catalunya Ràdio” хабар берди.
Манбага кўра, лойиҳа тураржой бинолари, жамоат ҳудудлари, сузиш ҳавзалари ҳамда зарур хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ўз ичига олган мини-шаҳар барпо этишни назарда тутади. Мажмуа клуб бренди билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, “Барселона” рамзийлиги асосида футбол доирасидан ташқарига чиқадиган, ўзига хос турмуш тарзини шакллантиришга қаратилади.
Таъкидланишича, клуб келишув доирасида аллақачон дастлабки тўловни олган. Бироқ, лойиҳа бўйича расмий эълон ҳали берилмаган, чунки ташаббус Делегатлар Ассамблеяси томонидан тасдиқланиши лозим.
Узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган мазкур лойиҳа бошқа европалик клублар ва йирик глобал брендларнинг шунга ўхшаш стратегияларини эслатади. Бу ташаббус Жоан Лапорта бошчилигидаги клуб раҳбариятининг янги даромад манбаларини излаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадами сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот учун, 2025 йил декабрь ойида “Барселона” президенти Дубайда бўлиб ўтган “Globe Soccer Awards” мукофотини топшириш маросимида иштирок этган эди. ОАВ ушбу ташриф чоғида муҳим музокаралар ўтказилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Live
Барчаси