“Барселона”дан кетиб, “кўкармаганлар”

Таҳлил

image

“Барселона” дунё футболидаги энг жозибали клублардан бири саналади ва у кўплаб таниқли футболчиларни катта саҳнага олиб чиққан. Жамоанинг бир қатор футболчилари “Олтин тўп” совринини қўлга киритган. Аммо шундай футболчилар борки, “Барселона”дан кетиб, ўз даражасини сақлаб қололмай, ўртамиёна ўйинчига айланиб қолган.

Биз эса эътиборингизга “Барселона” сафида керак бўлса, “Олтин тўп”га эга чиқиб, аммо жамоани тарк этганидан кейин кетмони учмаган футболчиларни ҳавола қиламиз.

Роналдиньо

Роналдиньонинг дабдабали турмуш тарзи, фитнес билан боғлиқ муаммолари билан биргаликда 2007/08 йилги мавсумда унинг фаолиятида кескин пасайиш кузатилади ва у шу йили ёзда “Барселона” томонидан сотувга қўйилди. Кўплаб мухлислар бразилияликнинг рамзий мавқеи ва “Барса”даги 5 муваффақиятли мавсумни инобатга олиб, бундан норози бўлди. Аммо Пеп Гвардиола Роналдиньони жамоага керак эмас деб, ҳисоблади. Футболчи “кўк-анорранглилар” сафида 2003 йилдан 2008 йилга қадар тўп тепди ва 145 та ўйинда 70 та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, у клуб таркибидаги ўйинлари сабаб, 2005 йилги мавсумда “Олтин тўп” ғолибига айланган. 2008 йилда у Италиянинг “Милан” клубига кўчиб ўтади ва фаолиятининг пик даврини қайтара олмади. 2015 йилда у “Флуминенсе” клубида фаолиятини якунлайди.

Фелипе Коутиньо

Коутиньо кўпчилик мухлис ва мутахассислар томонидан “Барселона” тарихидаги энг ёмон трансферлардан бири сифатида эътироф этилган ва сўнгги йилларда клубнинг молиявий қийинчиликларининг асосий сабабларидан бири сифатида қаралмоқда. Фелипе “Барселона” сафига 2018 йилда келиб қўшилган ва 2022 йилга қадар фаолият олиб борган. У бу вақт ичида 76 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол уришга муваффақ бўлди. Албатта, Коутиньонинг пик даври “Ливерпуль” таркибидаги ўйинларига тўғри келади. Каталониядан кейин у яна Англияга қайтди ва “Астон Вилла”га ўтди. Аммо “Астон Вилла”да ҳам у эски даврларини қайтара олмади. Кейин Қатарга саёҳат қилиб келди ва ҳозир Бразилиянинг “Васко Да Гама” клубида фаолиятини давом эттирмоқда.

Пьер Эмерик Обамеянг

“Барселона” 2022 йилнинг январида габонлик форвардни “Арсенал”дан сотиб олди. У Лондон клубида интизом билан боғлиқ муаммо сабабли кетган эди. Каталонияликлар сафида у 24 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 1 та ассист амалга оширди. Шундан сўнг у 2022 йил ёзида “Челси” сафига кўчиб ўтади ва бу клуб сафида 15 та ўйинда 1 та гол уради. 2023/2024 йилги мавсумни у Франциянинг “Олимпик Марсель” жамоаси таркибида ўтказади. Бу ерда у ўзининг аввалги даражасини қайтаргандек бўлади. Чунки, 34 ўйинда 17 та гол урганди. Аммо у бир қатор юлдуз футболчилар каби Европани Саудия чемпионатига алмашди. Обамеянг 2024 йилги мавсумдан Саудия чемпионати вакили “Ал-Қодисия” клубида фаолиятини давом эттиради. Айни дамга келиб, Пьер янги клуби сафида 16 та ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол уришга муваффақ бўлди.

Деку

Ўз даврининг энг ёрқин футболчиларидан бири Деку фаолиятида 2008 йилга келиб пасайиш кузатилади. Аммо ўша вақтда кўпчилик уни ҳали ҳам “Барселона”да муҳим роль ўйнаши мумкин деб, ҳисоблар эди. Лекин Гвардиола бундай фикрда эмасди. У португалиялик футболчини “Челси”га сотилиши тарафдори эди. Деку Лондонга кўчиб ўтди ҳам. У ерда ҳам ўзининг даражасини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Икки йил давомида у бу учун курашди, аммо қўлидан келмади ва 2010 йилда “Флуминенсе” билан шартнома имзолади. Бразилиядаги 3 йиллик фаолиятдан кейин у бутсаларини михга илишга қарор қилди. Ҳозирга келиб, Деку “Барселона”нинг спорт директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Клаудио Браво

Чилилик дарвозабоннинг фаолиятидаги энг гуллаган пайтлари айнан “Барселона”га тўғри келади. Клаудио 2014 йилда Каталония клуби сафига келиб қўшилади ва 2016 йилга қадар фаолият олиб боради. У бу вақт давомида жамоа таркибида 70 та ўйинда майдонга тушиб, бор йўғи 43 дона гол ўтказиб юборган. “Барселона” 2016 йилда Бравони “Манчестер Сити”га сотишга қарор қилди. Чунки жамоанинг асосий дарвозабони Марк Андре Тер Штеген бўлиши тасдиқланганди. Браво “шаҳарликлар” сафида 2020 йилга қадар тўп тепади, аммо у аввалги клубидагидек ўйин намойиш этолмади. Кейин у 4 йил давомида, 2020 йилдан 2024 йилга қадар Андалусиянинг “Бетис”ига ўтиб кетади. 2024 йилинг августида чилилик посбон футболчилик фаолиятини якунланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона Роналдиньо Деку Пьер Эмерик Обамеянг Фелиппе Коутиньо Клаудио Браво

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг