Барча ўқитувчилар гидроксихлорохин ва цинк препаратлари билан бепул таъминланяпти – ХТВ
Жамият
−
03 Октябрь 2020
7417Ўзбекистонда мактаб ўқитувчи ва ходимларига коронавирусга қарши гидроксихлорохин хамда цинк препаратлари билан бепул тарқатилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг барча ўқитувчилари ҳамда бошқа ишчи ходимларнинг аксарияти махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг “COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактабларига тиббиёт ходимларини бириктириш ва фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарорига кўра, республикада мавжуд 9 986 та умумий ўрта таълим мактабларига тиббиёт ходимлари, патронаж ҳамширалар, туман тиббиёт бирлашмалари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати ходимлари бириктирилган.
Шунингдек, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари, коронавирус инфекцияси билан касалланишини олдини олиш ва даволаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори имзоланган ва унга кўра барча ўқитувчи ва ходимлар гидроксихлорохин хамда цинк препарати билан бепул таъминланмоқда.
Вазирликнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда мактабда фаолият юритадиган ходимлардан тест олиш жараёни давом этмоқда. Тест топшириш тадбирларига қамраб олинмаган ходимлар ҳудудлардаги халқ таълими бошқармалари ҳамда санитария эпидемиология осойишталик марказларига мурожаат қилишлари мумкин.
Маълумот учун, гидроксихлорохин препаратининг коронавирусга қарши фойдалилиги борасида турли қарашлар мавжуд бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу дори воситаси COVID-19 беморлари учун самарасиз эканини айтган. Аммо кўплаб баҳс ва мунозараларга қарамай кўплаб давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам бу препаратни қўллашдан воз кечмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь