Баку сулҳ таклиф қилди. Пашинян эса...

Олам

image

Баку бир томонлама равишда Ереванга гуманитар сулҳ тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой билан бўлиб ўтган музокарада маълум қилган.

"Вазир Арманистоннинг провокациялари натижасида минтақада юзага келган кескинлик ҳақида кенг маълумот берди. Озарбайжон арман томонига бир томонлама равишда инсонпарварлик сулҳини таклиф қилгани, кескинлик ва беқарорликнинг кучайиши мамлакатимиз манфаатларига тўғри келмаслиги таъкидланди", дейилади хабарда.

Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг бугун, 14 сентябрь куни мамлакат парламентидаги Ҳукумат соатида айтишича, Ереван Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини Арманистон суверен ерларини тарк этган тақдирдагина тан олишга тайёр.

“Бугун биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олишга тайёрмиз. Лекин Озарбайжон қайси чегаралар доирасида Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олишни хоҳлаётганини тушунишимиз керак. Агар Озарбайжон босиб олинган ҳудудларни ўз ҳудуди деб атаса ва бу чегаралар доирасида унинг ҳудудий яхлитлигини тан олишни талаб қилса,  у ҳолда биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олмаймиз. Чунки бу бизнинг ҳудудларимиз, агар улар бизнинг суверен ҳудудларимизни тарк этса,  биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олишга тайёрмиз, бўлмаса, йўқ”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган. Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 50 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Томонлар 13 сентябрь куни тонгда ўт очишни тўхтатиш режими тиклашга келишиб олди.

Арманистоннинг талаби билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилот бош котиби раҳбарлигидаги миссия воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишига келишилди.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг