Бахтиёр Саидов “Толибон” бош вазири билан учрашди
Жамият
−
18 Июль 3766 2 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қобулда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан учрашди. Бу ҳақда у бугун, 18 июл куни ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
“Биродар ва қўшни Афғонистон билан ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштиришга интилмоқдамиз”, дейди Ташқи ишлар вазири.
Билдирилишича, учрашув давомида савдо, гуманитар ҳамкорлик ва минтақавий боғлиқликни ривожлантириш, жумладан, “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темирйўли бўйича ҳадли битим муҳокама қилинган. Бу минтақавий интеграция йўлидаги муҳим қадам экани таъкидланган.

“Ўзбекистон ҳукумати инфратузилма, логистика, энергетика ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр. Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим, деб ҳисоблаймиз”, дейди Бахтиёр Саидов.
Маълумот учун, кеча, 17 июль куни Қобулда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди ва уларнинг иштирокида Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Покистон темирйўл вазирлиги раҳбарлари томонидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон Трансафғон темирйўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди.
2018 йилда илк бор таклиф этилган Трансафғон темирйўли лойиҳаси Ўзбекистондаги Термизни Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Қобул билан, ундан кейин эса Покистоннинг Пешовар шаҳарлари билан боғлашдан иборат. Қурилиши тугаллангандан сўнг темирйўл Афғонистон бўйлаб 700 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, Марказий Осиё ва Араб денгизи ўртасида тўғридан тўғри қуруқлик йўлини ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча, 17 июль куни Қобулда “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий ва ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Халифа Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашувлар ўтказганди.