Бахтсизлик ва таназзул қаридан муваффақиятли чиққан “Осиё марвариди” ёхуд Сингапур тажрибаси қандай?

Таҳлил

image

Қаердадир ўқигандим, инсоният эркинликка бир кунда эришиб қолмайди. Қачонки, давлат ва жамият ўзаро ҳамкорлик орқали ўз қобилиятларини мустаҳкамлар ва инсонлар давлат кучини назорат қилиш учун доимо курашда бўлар экан, эркинлик йўлаги узоқ вақт давомида кенгайиб бораверади. Инсоният тарихида катта ҳудудларда жойлашган ривожланган мамлакатлар билан бир қаторда, кичик давлатлар ҳам мавжуд. Бунинг яққол намунаси сифатида Сингапурни ҳам кўрсата оламиз. 

ХХ асрнинг ўрталарига қадар Англия мустамлакаси, 1951 йилдан эса Британия колонияси, 1963 йилда Малайзия таркибига кирган Сингапур 1965 йил августда мустақилликка эришди. 63 та оролчалардан иборат мамлакат табиий ресурслари йўқ, ҳатто, ичимлик сувини ҳам Малайзиядан олиб келадиган учинчи қашшоқ давлат сифатида танилганди. Бугун-чи? 

Бугун ушбу давлат ривожланган мамлакатлар рўйхатидан жой олишга улгурди. Энди у ўзининг йирик банкларига, осмонўпар биноларига, чиройли йўллар, энг яхши таълим ва ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга. Дунёда аллақачон “Сингапур тажрибаси” ёки “Сингапур сифати” деган атама пайдо бўлган. Мамлакатда биргина ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши 60 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Сингапурнинг 90 фоиз аҳолисида эса барча шарт-шароитларга эга уйлар бор. 

Қандай қилиб қисқа вақт ичида бундай натижаларга эришиш мумкин? Сингапур тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатни модернизация қилишнинг тўртта асосий йўналишини кўрамиз:

Биринчиси, инвестиция ва инновацияларни ривожлантириш векторини белгилайдиган иқтисодий ислоҳотлар. 

Сингапур Малайзия таркибидан ажралиб чиққан пайтда табиий ресурслар мавжуд бўлмаган, кичик бир ички иқтисодий бозорга эга давлат бўлган, холос. Шунингдек, аҳолининг ярми саводсиз, 14 фоизи эса ишсиз, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 516 АҚШ долларини ташкил қилган.
Ли Куан Ю ҳукумат раҳбарлигига келгандан сўнг, Сингапурни ривожлантириш учун, Жаҳон иқтисодий ривожланиш стратегиясини асос қилиб, Сингапурни Жанубий-Шарқий Осиёдаги молиявий савдо марказига айлантириш учун ҳаракат қилди. Шу боис ўзининг дастлабки фаолиятини хорижий сармоядорларни мамлакатга таклиф қилишдан бошлаган. Шунингдек, мамлакатни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун мумкин ва мумкин бўлмаган ҳар қандай чораларни қўллаган. 

Натижада, кўпгина халқаро майдонда бизнес юритаётган америкалик ва бошқа ривожланган давлатларнинг трансмиллий компаниялари Сингапурда кенг кўламли, юқори технологияларга эга, электрон саноат учун замин яратди. Бугунга келиб эса, “Осиё йўлбарслари” дея Корея билан бир қаторда Сингапур ҳам эътироф этилмоқда. 5,7 миллион аҳоли истиқомат қиладиган ушбу давлатда ЯИМ 60 минг долларга тенг. Ишсизлик даражаси 2,6 фоиз. Йиллик даромад ҳар бир фуқарога 60 минг доллардан юқори ҳисобланади. Шунингдек, аҳолининг 3 фоизи миллионердир. Сингапурликлар – жаҳондаги энг соғлом кишилардир.

Иккинчиси, ижтимоий модернизация. 

Жуда кўпчилик томонидан Малайзия таркибидан ажралиб чиққан бу митти мамлакат тез орада демографик тангликка дуч келиши тахмин қилинган. Чунки, мамлакат аҳолисининг асосини хитойликлар, малайзияликлар ва ҳиндистонликлар ташкил этарди. Мутахассислар 3 та катта цивилизация вакилларидан таркиб топган ушбу мамлакатни тез орада этник низолар ўчоғига айланиб қолишини башорат қилишган. Лекин, ундай бўлмади!

Ҳукумат бу ҳолатдан жуда яхши чиқиб кетди. Миллатлар аҳил яшаши учун керакли чораларни кўрди. Мисол учун, малаялик ва хитойлик турмуш қурса, уларга коллеж таълимини кафолатлади. Уй-жой масаласини ижобий ҳал қилиш учун аҳолининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, замонавий уй-жойлар қурди. Кам таъминланган аҳолига турар жойларни бепул берди.

Таълим тизимини ҳам эътиборсиз қолдирмади. 4 тилли мактаблар жорий этилиб, инглиз тилини иккинчи таълим тилига айлантирди. Таълим бериш стандартини ишлаб чиқиш учун катта маблағ ажратди. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввал бошиданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчилари орасидан ёллаш анъанаси сақлаб қолинган.

Учинчиси, коррупцияга қарши самарали кураш.

Бугунги кунда Сингапур дунёдаги энг кам коррупциялашган давлатлардан бири ҳисобланади. Бироқ, 1950 йилларда пора очиқ тарзда олинган ва ҳатто, бу иллат маҳаллий ҳокимиятларда анъанага ҳам айланиб улгурганди. Ҳукумат раҳбари шахсий алоқаларидан қатъи назар коррупцияни йўқ қилишни асосий вазифа қилиб белгилади. Шу вақтдан бошлаб мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус бюро тузилиб, у Бош вазирга шахсан ҳисобот берадиган бўлди. Бюро ходимларига кенг ваколатлар бериб, уларга коррупцияда гумон қилинганларни қидириш, ҳибсга олиш, уларнинг қариндошлари ва кафилларини тергов қилиш, коррупция ишини юритиш жараёнида аниқланган ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни текшириш топшириғи берилди. 

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва ҳатто, Бош вазирнинг қариндошлари ҳам коррупцияда айбланиб, жазоланди. Бир қатор юқори лавозимли амалдорлар қамоққа тушди, кўплаб порахўр амалдорлар мамлакатни тарк этди. Ли Куан Ю коррупция билан қўлга тушган қариндошларини ҳам аёвсиз жазолади. Мисол учун, яқин дўсти 315 минг доллар пора билан қўлга тушганида, ҳеч ўйланмасдан уни қамоққа ташлади. Шунингдек, ҳукумат раҳбари судья ва давлат хизматчиларининг маошларини оширди. Хусусан, Сингапур судьясининг маоши йилига бир неча юз минг долларга етди. Масъулиятли лавозимларда ишлайдиган давлат хизматчиларининг иш ҳақи хусусий корпорацияларнинг топ-менежерлари билан таққосланадиган даражага кўтарилди.

Бош вазир сиёсий идорадаги одамларга катта маош тўлаш кераклигини қайта-қайта таъкидларди. Қайд этиш керакки, 1989 ва 1994 йил Сингапурдаги давлат хизматчиларига дунёдаги энг катта маош тўланган. 

Сингапур ҳукумати раҳбари Ли Куан Ю ушбу воқеаларни эслаб, мамлакат ривожланиши учун қуйидагиларни таъкидлаган:

“Коррупция – Осиё ҳаётининг ўзига хос хусусиятларидан бири. Одамлар “мукофот”ни тўғридан-тўғри, хурсандчилик билан қабул қилишга одатланиб қолишган. Давлатни ривожлантиришни бу иллатни йўқотишдан бошлаш керак. Аввало, “мукофот”ларни хуш кўрувчи 3 та яқин дўстларни панжара ортига ташлаш лозим. Чунки, жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Ундан кейин бозор даражасига мос ойлик маошларни белгилаш даркор. Модомики, мансабдорлар давлат берадиган ойликка қониқмас экан, бошқа бировдан “совға” олишга мажбур бўлади”.

Шундай қилиб, ҳозирда Сингапур дунё бўйича коррупцияга қарши самарали курашган давлатлар рейтингининг 3-ўрнида қайд этилган. 

Тўртинчиси, сиёсий барқарорлик:

Ҳозирги даврда Сингапур – юқори фаровонликдаги ҳаёт тарзига эга йирик ишлаб чиқариш марказидир. Бу ерда сиёсий жараён уч кетма-кет босқич бўйича ривожланиб борган. Биринчи босқичда авторитар режим жорий этилган бўлса, иккинчи босқичда иқтисодий ривожланишга урғу берилган, шунингдек, жиддий сиёсий масалалар айни шу босқичда ҳал этилган. Учинчи босқичда ишлаб чиқариш модернизацияси амалга оширилган ва сиёсий тизим янада такомиллаштирилган.

Сиёсий жараённинг асосий иштирокчиси сифатида давлат, фуқаролик жамияти, сиёсий партия ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлиги бу давлатда яхши йўлга қўйилган. Сингапурда ижро ҳокимияти қонун чиқарувчи ҳокимият устидан назорат ўрнатган. Чунки айнан давлат вазирликлар орқали муҳим стратегик қарорларни қабул қилиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳалар устидан назоратни амалга ошириш ҳамда монополия ҳуқуқларидан фойдаланади. Ҳукумат ва жамият билан воситачи сифатида айнан сиёсий партиялар фаолият олиб боради. Сингапурда Европа намунаси асосида кўп партиявийлик ва Халқ ҳаракати устунлик қилади, барча партиялар конституцион-ҳуқуқий расмийлаштирилган, қонуний мақомга эга бўлиб сиёсий жараён ва демократиянинг ажралмас атрибути ҳисобланади.

Давлат иқтисодиёт соҳаларини кенг миқёсда қамраб олган бўлса-да, бу мамлакат жаҳон ҳамжамиятидан узиб қўйилмаган. У бошқа мамлакатлар ва умуман халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Мамлакат мана бир неча ўн йиллардан бери ўз йўлидан бориш ва бу йўлдан қайтмаслик тамойилига қаттиқ амал қилади. Бу йўлнинг мазмун-моҳияти – жамиятнинг конкрет-тарихий шароитини, миллий, диний, маданий хусусиятларини ҳисобга олиш, иқтисодий тараққиётга анъанавий ахлоқий ва маданий қадриятлар билан уйғунликда эришишдан иборат.

Маълумот ўрнида, мамлакатда Сингапур долларининг қадри баланд. Инфляция даражаси 0,4 фоиз. Мамлакатда эркак ва аёллар 62 ёшдан пенсияга чиқишади. Шунингдек, бу диёр нефтни қайта ишлаш  бўйича дунёда энг йирик марказ ҳисобланади. 

Бугунги кунда, Лотин Aмерикаси давлатлари, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ҳамда  таълимни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш борасида "Сингапур тажрибаси"дан фойдаланиб келяпти. Ҳиндистон эса Сингапур тажрибасига қарама-қарши сиёсат юритаётган Осиёдаги ягона йирик давлатдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг