Азиз Воитов суди жонли эфирга узатилиши лозим – Антикоррупция агентлиги
Жамият
−
06 Сентябрь
9414Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 кишига оид суд иши телеканаллар ва интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозим. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаров маълум қилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига мувофиқ, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозимлиги белгиланган. Шунга асосан, агентлик мазкур суд мажлиси юқоридаги Фармон талаблари асосида жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигини маълум қилган.
Маълумот учун, Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” банди, 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. 29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ судланувчилар ва адвокатларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд мажлисига киришини тақиқлаш бўйича илтимосномаси сабаб журналистлар собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахснинг судини ёритолмаслиги хабар қилинганди. Кеча, 5 август куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида ҳам кўплаб адвокатлар судда ОАВ иштирокига кескин эътироз билдирганди. Улар ҳатто журналистларни “хориж агенти”, “хабарларни бўрттирувчи” дея таърифлаган.
LiveБарчаси