Айрим тадбиркорлар 3 йилга фойда ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши мумкин
Жамият
−
11 Январь
3078Бугун, 11 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев электротехника соҳасидаги натижалар ва галдаги вазифаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу соҳанинг саноатдаги улуши 3,5 фоиз, товарлар экспортида 10 фоизни ташкил этади. Ўтган йили 31 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 1 миллиард 300 миллион доллар экспорт қилинган. 516 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 85 та янги корхона ишга тушган. Бу соҳада 27 мингдан зиёд ўзбекистонлик ишламоқда.
Ўтган йили 5 сентябрда бўлган видеоселектор йиғилишида соҳада натижадорликни ошириш имкониятлари кўрсатиб берилган эди. Шунга асосланиб, жорий йилда қатор вазифалар белгилаб олинган.
Тақдимотда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси бу йил ҳудудларда 4 миллиард долларлик 290 та янги лойиҳани бошлаб, 600 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш, мисни қайта ишлаш даражасини 75 фоизга етказиш режаларини айтди.
Бунда маҳаллийлаштириш дастурларидан фойдаланиш муҳим. Масалан, бу йил мамлакатда 75 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шунинг 28 миллиард долларини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қоплаш мумкин.
Электротехника кластерини кенгайтириш учун Оҳангаронда қўшимча 200 гектар, Фарғонада 10 гектар, Урганчда 4 гектар ер ажратилди. 181 миллиард сўм эвазига инфратузилма қурилди.
Энди тадбиркорларга технопарклар ҳудудида тайёр бино қуриб, электротехника ва турдош соҳа корхоналарига сотишга рухсат бериш мўлжалланмоқда. Юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларни уч йил муддатга фойда ва мол-мулк солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Бу, жумладан, Оҳангарон мис кластерида 68 миллион долларлик, Қашқадарё, Фарғона ва Урганчда 30 миллион долларлик янги лойиҳаларга имконият очади.
Маҳсулотлар сотилиши учун вазирлик ва саноат тармоқлари кесимида 15 триллион сўмлик кафолатли бозор ҳам ташкил қилинмоқда. Ижтимоий объектлар учун қайта тикланувчи энергия қурилмаларини маҳаллий корхоналардан харид қилиш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Давлат раҳбари бу соҳа яшил иқтисодиёт учун, барқарор ривожланиш учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Шу боис жойлардаги барча имкониятларни ишга солиш, тадбиркорларга инфратузилма, молия ва хомашё жиҳатидан қўшимча шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Мутасаддилар буларнинг эвазига экспортни йилига 3 миллиард долларга, ишлаб чиқариш ҳажмини 50 триллион сўмга етказиш имконияти борлигини қайд этди.
Инновацияларни ўрганиб, бозорбоп маҳсулотлар яратиш, малакали муҳандис, технолог ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.