Айрим корхоналарга фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади
Жамият
−
03 Сентябрь
3311Умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Бу ҳақда 30 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, экспорт операциялари бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашда:
- солиқ тўловчилардан Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиш талаб этилмайди;
- божхона органлари томонидан реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви воситасида солиқ органларига товарлар божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун асос бўлади.
Асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи қисмлар импортига оид контрактда уларни етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ этиб белгиланган бўлса, мазкур операция бўйича активларни репатриация қилиш муддати сифатида контрактда кўрсатилган етказиб бериш муддати эътироф этилади.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фармон билан тадбиркорларнинг ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда табиий газ учун қўшимча тўлови 10 бараварга камайтирилиши хабар қилинганди.