Аёллар ё эркаклар? Маймун чечаги кўпроқ қайси жинс вакилларида учраётгани айтилди

Олам

image

Охирги икки ҳафта ичида Европа минтақасида маймун чечаги билан касалланганлар сони уч бараварга ошиб, 4500 дан ортиқни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клюге маълум қилган. 

Унинг сўзларига кўра, бутун дунё бўйлаб қайд этилган маймун чечаги инфекцияларининг деярли 90 фоизи Европа ҳиссасига тўғри келади.

“15 июндаги берган баёнотимдан кейин олтита янги мамлакат ва ҳудудларда маймун чечаги касаллиги қайд этилди – жами 31 та. Ушбу даврда янги ҳолатлар уч баравар кўпайиб, минтақа бўйлаб лаборатория томонидан тасдиқланган касалланганлар сони 4500 дан ортиққа етди”, дейди Клюге баёнотда.

Унинг қўшимча қилишича, инфекцияларнинг аксарияти 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган одамларда қайд этилган. Беморларнинг 99 фоизи эркаклардир. Уларнинг 10 фоизи даволаш ёки изоляция қилиш учун шифохонага ётқизилган, бир бемор эса интенсив терапия бўлимида. 

Маймун чечаги тарқалиши муносабати билан Клюге барча давлатларни шошилинч ва мувофиқлаштирилган чоралар кўришга чақирган. Сўнгги пайтларда дунёнинг 51 давлатида ушбу касалликнинг 5,1 мингдан ортиқ ҳолатлари аниқланган. 

Эслатиб ўтамиз, турли олимлар гуруҳларини бирлаштирган Жаҳон саломатлик тармоғи коалицияси (World Health Network, WHN) маймун чечагини пандемия деб эълон қилганди.

Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечагидан ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

477

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг