Аёллар дискринимациясига чек қўйилади
Бизнес
−
18 Апрель 2023
8281Бугунги кунда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, барча соҳаларда гендер тенглигига эришиш, меҳнат бозорида камситишларга барҳам бериш ва иш ҳақи тенглигини таъминлаш бутун дунёда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат бозорида иштирок этиш даражаси 60 фоизга тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич эркаклар ўртасида 71,9 фоизни, аёллар орасида эса 46,6 фоизни ташкил қилган. Умуман олганда, аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларнинг иқтисодий фаоллигидан 1,5% кам.
Гендер тенглигини таъминлаш бугун мамлакатимизда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Янгиланаётган Конституциянинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши муҳрланаётгани бунинг яққол исботидир. Хўш, бу бизнинг аёлларга нима беради ва нима учун керак?
Бугунги кунда Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан анча паст. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади. Сабаби ўртача 22,3 ёшида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғруқ таътилида ўрказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғруқ таътилига чиқиш эҳтимоли юқори. Аёлларнинг тез-тез декрет таътили ва фарзандлари саломатлиги туфайли касаллик таътилига чиқиши иш берувчилар орасида аёлларнинг потенциал ходим сифатида самарадорлигини пасайтиради.
Шунингдек, Ўзбекистон меҳнат бозорида меҳнатга ҳақ тўлашдаги жиддий тафовутлар ҳам мавжуд, бунинг асосий сабабларидан бири – бу касб сегрегациясидир. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39% кам маош олади.
Юртимиз аҳолиси тез суръатлар билан ўсмоқда, 2022 йилда 900 мингдан ортиқ бола дунёга келди. Бу, албатта, ижобий тенденция, лекин ҳар йили 900 мингта аёл меҳнат бозоридан вақтинчалик чиқиб кетади. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан олиб борилган сўров натижаларига кўра , фарзанд кўриш аёлларнинг мансаб борасидаги муваффақиятини вақтинча чеклайди деб 58,5% иштирокчилар маълум қилган. Шунингдек, респондентларнинг 68,4 фоизи эркакларга нисбатан аёлларнинг мартабага эришиши анча қийин, деб ҳисоблайди. Жамиятда ҳукм сураётган аёлларнинг ўрни уйда, улар фақат фарзанд тарбияси билан ва уй ишлари билан шуғулланиши керак деган тушунчалар (80% аҳоли шундай фикрда) аёлларнинг нафақат меҳнат бозорида балки жамиятда ҳам ўз ўрнини топишига тўсқинлик қилади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасига киритилаётган ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши бўйича норма юқорида келтирилган аёлларга нисбатан барча камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Эндиликда иш берувчилар эркакларга ён босмай, аёлларни ҳам тенг хуқуқли потенциал ишчи сифатида кўришга (у ҳомиладор ёки кичик фарзандлари бўлишига қарамай) ва ойлик маошларини тўлашда кам тўлаш ҳолатларини йўқ қилишга мажбур ва ушбу холатлар доимий равишда давлат томонидан назорат қилиб борилади.
Бу эса ўз навбатида аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш улар орасидаги ишсизлик даражасини камайтириш (бугунги кунда аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 13%) ва нафақат меҳнат бозорида, балки жамиятнинг барча жабҳаларида гендер тенглигини таъминлашга имкон беради. Яъни аёллар дискриниминациясига чек қўйишнинг Конституциявий асоси яратилмоқда.
Муҳаббат Аҳмедова
PhD,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар
институти лойиҳа раҳбари