Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳалокат ёқасида. Сенаторлар ҳукуматга сўров юборди

Жамият

image

Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда. Сўнгги йилларда сув ҳажми 37,4 млрд м3 гача пасайган ва сув таркибининг шўрланиши натижасида айрим қирғоқ бўйлари 15-50 метрга ортга чекиниб, 15–20 см гача туз қатлами ҳосил бўлган.

Шу муносабат билан кеча, 16 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида Айдар-Арнасой кўллар тизимида шўрланиш, балиқларнинг камайиб кетаётгани ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқовнинг таъкидлашича, Айдар-Арнасой кўллар тизимида 15–20 см гача туз қатлами ҳосил бўлган. Кўллар тизимининг сув ҳажми 1994–2000 йилларда 44 млрд м3 бўлиб, ҳудуднинг умумий майдони 350 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган бўлса, “Чордара” сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмаганлиги боис сув ҳажми қарийб 34 млрд м3 га тушиб қолган.

“Кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метрга пасайиб, минераллашганлик даражаси сўнгги 10 йилда 5,1 г/л дан 8,6 г/л гача ошган. Сув сатҳининг пасайиши ва шўрланиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15–20 см гача баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чанглар бўлишига олиб келмоқда ва экин майдонлари ҳамда инсон саломатлигига таъсир ўтказмоқда”, дейди сенатор.

Шунингдек, Рисқул Сиддиқов кўллар тизимидан фойдаланиш ҳақидаги норматив-ҳужжатларда ҳам номувофиқликлар мавжудлигини ва Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаганини ҳам қўшимча қилди.

Йиғилишда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов ҳам Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги аҳвол ҳақида фикр билдириб, агар шўр сувлар оқибатида сув минераллашуви ортиб борадиган бўлса, чучук сувда яшайдиган балиқларнинг яшашига имкон йўқолишини, агар ҳозирдан ҳаракат қилинмаса, балиқ овлашнинг умуман имкони қолмаслигини таъкидлади. 

“Айдар-Арнасой кўллар тизимининг пайдо бўлганига ҳам ярим асрдан ошди (1968-1969 йиллар пайдо бўлган). Мен 2-3 та масалани сизга айтмоқчиман. Ҳозир минераллашув ҳақида гап кетди. Агар келгусида шўр сувлар оқибатида минераллашув ортиб борадиган бўлса, чучук сувда яшайдиган балиқларнинг яшашига имкон йўқолади. Ўз-ўзидан балиқлар урчиши, чавоқланиши масаласи йўқ бўлади. Яъни чучук сувда табиий ҳолда балиқ овлаш умуман имконсиз бўлади. Иккинчидан, ушбу кўллар тизими тубидаги бир неча ўнлаб сантиметрлик қуйқадаги сероводород ёки водород сулфид очилиб қоладиган бўлса, атроф-муҳитга жуда катта зарар етади. Ўша ҳудуд экотизимининг ихтиофаунаси ёки гидрофлораси йўқ бўлиб кетиши мумкин. Учинчидан, балиқ овлайдиган бир марталик кичкина катакли тўрларни тақиқлаш керак. Бу масалаларни агар ҳал қилмайдиган бўлсак, чавоқчалар ёки малюткалар нобуд бўлади ва умуман балиқларнинг урчишига имкон бўлмайди. Тўртинчидан, агар ҳозирда биз башорат қилиш масаласини ўртага қўймайдиган бўлсак, 5-10 йилдан сўнг нима бўлиши ҳақида прогноз қилишни ўрганмасак, аҳвол ундан баттар бўлиши мумкин”, дейди Борий Алихонов. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков Айдар-Арнасой кўллар тизимига жиддий қаралмаса, Орол муаммосини Тошкент яқинига келиб қолишини ва иккинчи Орол муаммоси келиб чиқишини айтди.

“Ҳозирда ушбу тизимдаги сув манбасининг куни фақатгина коллектор ва дренаж тизимига қолган. Экологик вазият ўта жиддий эканлиги, нафақат сувнинг, балки сув кетган жойларнинг шўрланиши ҳам эртага чанг-тўзон манбасига айланиб қолиши асосий хавф бўлиши мумкин. Ўзим Оролбўйи ҳудуди, Қорақалпоғистондан келганим учун биламан. 1984 йилда 4-синф вақтимда ҳозирги “Кемалар қабристони”да маёқ бор эди. Кемада туриб кўрган катта денгизимиз кўз олдимизда. Институтни битириб 10 йил оралиғида Мўйноққа борганимизда Айдар-Арнасойдан 30 баравар катта, 1000 куб километр ҳажмдаги денгиз мана шу қисқа вақтда йўқолиб кетган. Тошкент шаҳридан унчалик узоқ бўлмаган мазкур ҳудудга (Айдар-Арнасой) жиддий қарамас эканмиз, вақтида чора-тадбирлар кўрмас эканмиз, Орол муаммосини мана шу ерга, Тошкент яқинига олиб келган бўламиз ва иккинчи Орол муаммосини келтириб чиқарган бўламиз”, дейди Жусипбек Казбеков.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳам вазият жиддий эканини,  муаммодан шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам хабари борлиги ва шу бўйича давлат раҳбари иштирокида селектор ўтказилганини, айни дамда қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.

“Собиқ Иттифоқ даврида Жиззах ва Сирдарё чўл зоналарида кўп миқдорда пестицидлар ишлатилган. Улар тупроқда қолган, бугунги кунда шўрни ювиш жараёнида улар ҳам Айдар-Арнасой кўллар тизимига тушяпти. Кўлларнинг атрофи очилиши туфайли мана шу зарарли қумлар, дорилар, яқинда қилинган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳридаги дарахтларда ҳам учраяпти. Кўп дарахтлар шунинг оқибатида қуримоқда. Ўз вақтида “Чордара”да авария ҳолати бўлганида 24 млрд куб сув ташлангани ҳисобига далалар ва чорвага катта зарар етган. Эндиликда Айдар-Арнасойни сақлаб қолиш учун жуда катта ишлар қилишимиз керак. Масала ҳозир айтилганидан ҳам оғирроқ”, дейди Эргаш Солиев.

Ялпи мажлис якунида Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар санаб ўтилди:

•  кўллар тизимида балиқчилик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада ташкил этилмаган;

•  балиқ захираларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бўйича назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари учрамоқда;

•  кўллар тизими ҳудудида белгиланган меъёрлар асосида балиқлантириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, экотуризмни ривожлантириш, сувнинг шўрланиш даражасини юмшатиш ишлари тизимли ташкил этилмаган;

•  балиқ овлаш контурларини ижарага бериш, ижара ҳақини ундириш, балиқ захираларини муҳофаза этиш, овлаш қоидаларига риоя қилишни назоратга олиш, балиқ овлашда фойдаланадиган техникаларни рўйхатга олиш ва уларнинг назоратини юритиш ишлари турли давлат органларига юклатилган ва уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилмаган;

•  кўллар тизимидан фойдаланиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда номувофиқлик ҳолатлари мавжуд. Шунингдек, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларига Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаган;

Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made