Ҳукумат Биринчи Президентнинг набирасидан хавотирда. Вазир баёнот берди
Олам
−
14 Февраль 2020
14332Аввалроқ, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси – Сенат раиси Дариға Назарбоеванинг ўғли Ойсултон Назарбоев Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўрагани ҳақида хабар берган эдик.
Ойсултон Назарбоев ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги йирик кўламли коррупция ва халқдан ўғирланган миллиардлаб долларлар ҳақидаги маълумотга эга экани ҳақида ёзганди.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултоннинг Facebook’даги постлари муайян шахсларнинг таъсири остида ёзилган ва бу мамлакатга тўғридан-тўғри босим ўтказиш деб баҳоланди. Ахборот ва жамият тараққиёти вазири Даурен Абаев шундай фикр билдирди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар қилди.
“Мен гиёҳвандликдан даволанаётган одамнинг гапларидан иқтибос келтириш, у гапларга асосланиб нимадир айтиш ва уни муҳокама қилиш одобдан эмас, деб ҳисоблайман. Ушбу ҳолатда унинг очиқча гапираётгани эмас, балки соғлиғи билан боғлиқ вазият хавотир уйғотади. Ишонч билан айтишим мумкинки, сиз айтаётган постлар маълум кимсалар таъсири остида ёзилган”, дея ушбу вазиятга изоҳ берган вазир.
Абаев Нурсултон Назарбоевнинг набираси гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга муккасидан кетганини ва шу сабабли унинг бу каби фикрларини жиддий қабул қилишга асос йўқлигини қайд этган.
“Ҳозир юз бераётган ҳодиса – ундан ғараз мақсадларда фойдаланиш ва мамлакатимизга босим ўтказиш, ифлос ўйин”, деган вазир.
Ойсултон Назарбоев олий даражадаги “кўп миллионли коррупция” ҳақидаги маълумотларни Британиянинг “The Times” нашрига берган интервьюсида ошкор қилганини айтган. Ойсултон интервьюнинг қачон эълон қилиниши ҳақида аниқ маълумот бермаган. Бир ой аввал Ойсултон Facebook’даги саҳифасида Нурсултон Назарбоевнинг набираси эмас, балки ўғли экани ҳақида пост қолдирганди.
Бир неча ой илгари эса Ойсултон Назарбоев бегона шахснинг мулки ҳисобланган уйга бостириб киргани ва полициячи билан муштлашгани учун Лондон суди томонидан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Суд қарорига кўра у ушбу муддат ичида гиёҳванд моддаларга қарамликдан ҳам даволаниши белгиланганди.
Маълумот учун, 29 ёшли Ойсултон Назарбоев — Қозоғистон Биринчи Президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ва Раҳат Алиевнинг ўғли. У Британиянинг Сандхерст қироллик ҳарбий академиясини тамомлаган ва Қозоғистон бош разведка мудофаа бошқармасига ишга олинганди.