“Автотеррор”: 12 балл “ишлаб олган” ҳайдовчилар кескин кўпайди

Жамият

image

Ўзбекистонда 671 нафар ҳайдовчи 12 баллдан юқори жарима баллини тўплади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 апрелидан жарима баллари тизими жорий этилганидан бери, жами 399 269 та фуқарога нисбатан маъмурий огоҳлантириш чораси қўлланилган. Маъмурий огоҳлантириш транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, автомобилни бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш, монитор ёки дисплей орқали телекўрсатув томоша қилиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаслик, шунингдек, пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларида қўлланилади.

Қайд этилишича, маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида фақат бир марта қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан камида 6 ой муддатга маҳрум этилади.

Жорий йилнинг 8 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жарима баллари 12 тага етган ҳайдовчилар сони 49 нафар эди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 июндан йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12-моддаси асосида ёзилган баённомаларга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан эса қоидабузарликларни автоматик равишда аниқловчи қурилмалар томонидан аниқланган 4 турдаги қоидабузарлик, яъни светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, йўлнинг қарама-қарши йўлагида ҳаракатланиш ва тезлик қоидаларига амал қилмаслик каби қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг