Автомототранспорт воситаларини ижарага беришдаги талаблардан бири бекор қилинди
Жамият
−
03 Февраль 2022
10788Автомототранспорт воситалари электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этиш бекор қилинмоқда. Бугун, 3 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар кўриб чиққан “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда шундай тартиб ўрнатиш белгиланган.
Қонун билан Меҳнат, Фуқаролик ва Солиқ кодексларига ҳамда амалдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Фуқаролик кодексига киритилаётган ўзгартиришга кўра эндиликда автомототранспорт воситалари электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга эканлиги белгиланмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш билан Савдо-саноат палатасига маҳаллий хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.
Солиқ кодексига Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, мол, қўй ва товуқ гўшти, тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка, музлатилган балиқ кабиларни олиб кириш ва реализация қилиш бўйича айланма 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 30 апрелга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
LiveБарчаси