Автомобилларга стикер беришда пенсия дафтарчасидан нусха сўралади – Адлия вазири
Жамият
−
02 Апрель 2020
5330Ўзбекистон Республикасига коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)ларсиз автомобиль бошқариш тақиқланди.
Шундан сўнг, стикер олишда турли қинғир йўллардан фойдаланиш бошланди. Илгари етказиб бериш хизматида фаолият юритмаган машиналарга ҳам махсус рухсатнома олиш бошланди. Стикер олиб беришда таниш-билишчилик қилиб, ўртага тушадиганлар ҳам топилди. Юзага чиққан бу каби ҳолатларга Адлия вазири Русланбек Давлетов ўз муносабатини билдирди.
“Бу каби ҳолатлар билан коррупцияга қарши бўлимимиз шуғулланяпти. Бундан ташқари, Адлия вазирлигининг марказий аппаратида ҳар бир электрон аризани кўриб чиқилишини мониторинг қиладиган гуруҳ бор. Жуда кўп ҳолатда асосларсиз, ҳужжатларсиз берилган бўлса, биз ҳаммасини бекор қилиб, жойига қўйиб қўяпмиз”, деди вазир.
Русланбек Давлетов, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги ушбу мавзуга тааллуқли турли хабарларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Етказиб бериш хизмати корхоналарига қўшимча пул берсангиз, сизни корхонага ишга олиб, машинангизга стикер олиб беришаётган ҳолатлар учрамоқда. Бунга қарши самарали тизим қилдик. Автомобиль эгаси корхонада янги ишга олинган бўлса, унга стикер берилмайди. Меҳнат дафтарчасидан нусха сўраяпмиз.
Бундан ташқари, стикер бериш жараёнини солиқ базаси билан боғлаб қўйдик. Яъни, агар ўша ходим ишлаган бўлса, солиқлари ва пенсия жамғармасига ўтказилган ажратмалари сўралади. Унинг кейинги фаолияти ҳам мониторинг қилинади”, деди Адлия вазири Русланбек Давлетов “O‘zbekiston 24” телеканалига берган интервьюсида.
LiveБарчаси