Аваза саммити кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон учлиги “карвонсаройлик”га даъво қилмоқда
Таҳлил
−
23 Август 7747 9 дақиқа
Алиевга “Ахалтекин” оти, Мирзиёевга эса туя ва бўталоқ. Бу Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан уларга туҳфа қилинган совғалардир. Аммо бугун Шарқ дипломатиясининг ажралмас қисми бўлган совға-саломлар ва беқиёс мулозамат ҳақида гаплашмоқчи эмасмиз. Аксинча бу таҳлилий материал Марказий Осиёдаги иқтисодий ва сиёсий муҳитни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган саммит ҳақида бўлади.
Авазада мустаҳкамланган мустақиллик
Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонаси Марказий Осиёнинг қатор шаҳарлари, жумладан, Самарқанд, Тошкент, Олмаота ва Остона каби сиёсий марказга айланмоқда. Эсингизда бўлса, жорий йилнинг август ойи бошида бу ерда БМТнинг денгизга чиқиш имконияти чекланган мамлакатлар конференцияси бўлиб ўтганди. Ўшанда конференция доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унда энг аввало, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар кўриб чиқилгани ҳақида хабар қилинганди.
Муҳим транзит йўлларида жойлашган мазкур давлат расмийларининг ушбу учрашуви ўзига хос аҳамиятга эга эди. Чунки уларни бир-бирига боғлайдиган қатор муҳим транспорт йўллари бор. Уларнинг баъзилари эса минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда халқаро савдони ривожлантиришда стратегик рўл ўйнайди. Масалан булардан бири – XXI асрнинг “Буюк ипак йўли” деб номлаш мумкин бўлган ўта юқори потенциалга эга Ўрта йўлакдир. Ўрта йўлакнинг салоҳиятига ҳамда август ойи бошида ўтказилган БМТнинг ўша конференциясига узоқ тўхталиб ўтирмаймиз. Унда, асосан, транспорт масалалари муҳокама қилингани юқорида таъкидланди.
Бугун эса кўпчиликнинг бор эътибори жорий йилнинг 22 август куни яна Аваза мезбонлик қилган саммитга қаратилган. Буни денгизга чиқиш имконияти чекланган мамлакатлар конференциясининг мантиқий давоми десак муболаға бўлмайди. Авазага бу сафар Алиев Бош вазирини жўнатмади ва шахсан ўзи борди. 22 август куни ўтказилган уч давлат ўртасидаги саммит Шавкат Мирзиёев, Илҳом Алиев ва Гурбангули Бердимуҳаммедов иштирокида бўлганининг ўзи унинг аҳамияти юқорилигидан далолат беради. Уч қардош мамлакат, аммо улар бу сафарги учрашувни этник бирлик, қардошлик алоқалари ва бошқа пафослар билан якунламади. Аниқ натижалар ва келишувлар, таклифлар ҳамда муҳим янгиликлар етарлича. Янада қувонарли томони Баку, Ашхобод ва Тошкент ҳеч бир ташқи кучлар иштирокисиз мустақил ва яхлит макон яратишга катта қадам ташлаганидадир.
Улар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти ёки Туркий давлатлар ташкилоти каби мураккаб ҳамда барчани рози қилиш шарт бўлган бюрократик форматдан ҳоли тарзда ўзаро келишларга эришишни бошлади. Шимол, Шарқ ва Ғарбнинг аралашувисиз янги иқтисодий макон ва транспорт йўналиши майдонга чиқиб келмоқда. Шунинг учун келишувлар ҳақида гап кетганда уч томонлама саммитда етакчилар ҳузурида транспорт ва логистика, кемасозлик ва фуқаро авиацияси соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, товар-хомашё биржалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон асосий бозорларга бизнес учун энг қисқа ва манфаатли чиқишни таъминлаш мақсадида юк ташиш тарифларини ўзаро асосда пасайтиришга тайёрлигини билдирди. Тошкент, Ашхобод ва Баку учлиги амалдаги ва истиқболли йўлакларнинг туташуви Хитойни уларнинг ҳудудлари орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор трансқитъавий йўналишни шакллантиришига ишонмоқда. Аслида ҳам бу Ғарб ва Хитой учун нотинч Эрон ва Россиядан кўра анча ишончли йўналиш бўлади. Масалан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг шахсан ўзи Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон Шарқни Ғарб билан, Шимолни эса Жануб билан боғлайдиган географик жойлашувга эгалигини айтиб ўтди. Бу эса кеча денгизга чиқиш имконияти чеклангани туфайли оғриқли муаммоларга дуч келган давлатлар, бугун нафақат минтақалар, балки қутбларни боғлашга даъво қилаётганини англатади. Харитага назар ташланса, ростдан ҳам уларнинг жойлашуви Хитой, Европа ва Яқин Шарққа юк етказиб бериш учун идеал нуқта эканини англаш қийинмас. Ҳа, Авазадаги уч томонлама учрашув жуда кўп нарсаларнинг ўзгаргани ва янги куч марказининг шаклланганига ишора қилмоқда. Бу Тошкент-Ашхобод-Баку учлигидир.
Мирзиёев Ўзбекистонни денгизга олиб чиқишга яқин
Авазадаги учрашувдан Алиев ва Мирзиёев бўш қўл билан қайтмади. Юқорида таъкидланганидек, гап уларга совға қилинган зотдор от ҳамда туя ва бўталоқ ҳақида кетмаяпти. Масалан, Озарбайжоннинг давлатга қарашли нуфузли нефть компанияси SOCAR Ўзбекистонда нефть конини ўзлаштириши борасида шартнома имзолангани маълум қилинди. Бу ўша сўнгги бир неча кун ичида Россия томонидан икки бор ўққа тутилиб, шикаст етказилган компаниядир. SOCAR Озарбайжон томонидан қандай муҳофаза қилиниши ўша воқеликлардан сўнг, кўпчиликка аён. Алиев мазкур зарба фонида Украинага миллион долларлик ёрдам пакетига қўл қўйгани, ушбу компания Озарбайжон учун қандай аҳамиятга эга эканидан далолатдир. Энди шу компания Ўзбекистон бозорига чуқур кириб келиш арафасида. Буни Илҳом Алиев юқори даражадаги уч томонлама учрашувда маълум қилди. У яқин 1-2 йил ичида Ўзбекистондан янги нефть кони очилгани ҳақидаги хабарни интиқлик билан кутаётганини айтди.
“Келгуси бир-икки йил ичида улар бизга қувончли хабар етказишларига умид қиламан. Барчамиз Ўзбекистонда йирик нефть кони очилиши ҳақидаги янгиликларни сабрсизлик билан кутмоқдамиз”, деди Озарбайжон Президенти.
Бу учрашувда Ўзбекистон ҳам ўзининг миллий манфаатларини илгари сурди. Уч томонлама учрашувда Шавкат Мирзиёев қатор муҳим таклифлар билан чиқди, аммо уларнинг иккитаси анча жиддийдир. Жумладан, Ўзбекистон етакчиси анъанавий углеводородлар борасида Каспий шелфида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва конларни ўзлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Бундан ташқари Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юкларни ташиш учун ўзига қарашли паром қувватларини яратишдан манфаатдорлиги билдирилди. Мазкур ташаббуснинг амалга ошиши эса мамлакат иқтисодиёти ва унинг транспорт салоҳияти учун сув ва ҳаводек зарур бўлган элемент ҳисобланади.
Аммо бу келажакда қай даражада амалга оширилади ёки томонлар Ўзбекистоннинг ушбу манфаатини қанчалик ҳисобга олиб, уни қўллаб қувватлайди, буниси номаълум. Тасаввур қилиш учун, бугун Каспийда фақат унга бевосита чегарадош бўлган мамлакатларнинггина паромлари мавжуд. Булар Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Россия ва Эрон каби мамлакатлардир. Ушбу 5 та давлат Каспийда ўз парромларига эга холос. Бу эса унга бевосита чегара бўлиш ҳамда денгиздан фойдаланиш ҳуқуқи билан изоҳланади. Аммо Каспий билан умумий чегарага эга бўлмай туриб унда ўз паромига эга бўлиш Ўзбекистоннинг юк ташиш қобилиятини каррасига ошириши турган гап.
Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоиз, паром – бу юклар, машиналар ва йўловчиларни сув ҳавзасининг бир жойидан бошқа жойига кўчириб қўйиш вазифасини бажарувчи иншоотдир. У асосан портлар орасида ҳаракатланади. Масалан, Озарбайжон паромлари асосан Қозоғистон ва Туркманистон портларига қатнайди. Шу ўринда Қозоғистонга тегишлилари эса Озарбайжон ва Туркманистон портларига юк ташиш хизматларини кўрсатади. Туркманистоннинг Туркманбоши портида эса Озарбайжон билан паром қатнови мавжуд. Бу Хитой, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Европа транспорт йўлагининг бир қисми сифатида фаол ишлатилади. Россиянинг Каспийдаги Астрахан портидан эса асосан савдо кемалари, баъзида эса юк паромлари қатнайди. Эрон бўлса, Бандар Анзали ва Новшаҳр каби портлари орқали Каспийдаги савдо қатновларини Россия ва Туркманистонга юк ташиш билан амалга оширади. Кўриб турганингиздек, бу паромлар асосан савдо-сотиқ мақсадида контейнер ташиш учун ишлатилади.
Аммо сўнгги йилларда Каспийдаги сув сатҳи билан боғлиқ жиддий муаммолар мазкур сув йўлининг салоҳияти борасида қатор хавотирларни келтириб чиқармоқда. Маълумотларга кўра, Каспийдаги сув сатҳининг сурункали пасайиши ундаги паромларнинг самарадорлигига зарар етказмоқда. Жумладан, Озарбайжоннинг Баку ва Қозоғистоннинг Қурйқ портлари орасидаги йўналишда юк ташишлар 10-20 фоизга пасайган. Бундан ташқари, Баку–Туркманбоши йўналишида ҳам темирйўл танкерларини ташиш 37 фоизга, вагон транспорти эса салкам 20 фоизга камайгани қайд этилган.
“Янги учлик”нинг ҳозирги алоқалари қандай?
Авазадаги учрашувдан сўнг, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб учун қулай транспорт коридорлари тақдим қилиши мумкин бўлган “янги учлик” деб номлаш мумкин. Умуман уларнинг савдо ва юк ташиш борасида яхлит бож ва тарифларга ўтишга ҳаракат қилаётгани ва бу борадаги ишлар экспертлар ёрдамида жадаллаштирилиши ушбу номни қайсидир маънода оқлайди. Алиев таъкидлаганидек, мазкур уч мамлакат олдида транспорт ҳамкорлиги борасида янги вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда. Бунга юқорида тўхталдик. Энди Авазадаги учрашувда тилга олинган бошқа муҳим жиҳатларга ҳам тўхталиш ўринли.
Уч томонлама учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни август ойи бошида БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Бундан ташқари Ўзбекистон Президенти Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевни ҳам яқинда Вашингтонда Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани билан ҳам чин дилдан қутлади.
Маълумки, 8 август куни Арманистон ва Озарбайжон АҚШ Президенти Дональд Трамп воситачилигида Оқ уйда 35 йиллик урушга чек қўйган тинчлик битимини имзолади. Алиев ва Пашиняннинг Россияни Жанубий Кавказда кераксиз давлатга айлантирган мазкур келишуви минтақада жуда кўплаб ўзгаришларга олиб келиши кутилмоқда. Хусусан, Зангезур йўлагининг АҚШга тегишли компанияга 99 йил муддатга ижарага берилиши Эрон ва Россия учун кучли зарба бўлди. Авазадаги учрашувда эса Ўрта маршрутни, шу жумладан ўша Зангезур йўлагини ривожлантириш борасидаги режалар қўллаб-қувватланди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, бу –ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, шу жумладан Туркманбоши ва Баку портларида замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва юклар назоратини таъминлаш масалаларини ўз ичига олади.
Шавкат Мирзиёев эса кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдирди. У Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўзининг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиши лозимлигини такидлаган. Кўпчиликка маълум бугунга келиб, Хитой-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бошланган. Бундан ташқари, яқинда Покистон ва Афғонистон билан ҳам Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳаси бўйича меморандум имзоланди. Шу боис давлат раҳбари янги юк оқимлари, энг аввало, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаш кераклигини қайд этган.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кооперацияни чуқурлаштириш ва энергия ресурсларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш йўлакларини ривожлантириш зарурлиги, бу борада эса Европага “яшил” энергия етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси ҳам истиқболли экани таъкидланди. Шунингдек, товар айирбошлашни ва саноат кооперацияси кўламини тубдан ошириш яна бир устувор йўналиш сифатида тилга олинган. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Озарбайжон билан ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга ошган. Товар айирбошлаш таркибида саноат маҳсулотларининг улуши эса 40 фоизга етган.
Учрашув якунида эса Ўзбекистон раҳбари илгари сурилган барча ташаббуслар ва эришилган келишувларни амалга ошириш учун “йўл харитаси”ни тайёрлаш, шунингдек, асосий йўналишлар бўйича вазирларнинг қўшма учрашувлари механизмини ишга туширишни ҳам таклиф қилди. Айнан келишув ва ташаббуслар бўйича “йўл харитаси” тайёрлаш ва турли йўналишлар бўйича ҳукуматлараро учрашувлар форматини йўлга қўйиш Авазада айтилган гаплар ҳамда эришилган келишувлар мустаҳкамланиши ва уларнинг амалга ошиш эҳтимолини оширишига умид боғлаш мумкин. Ўзбекистон Каспийда ўз паромларига эга бўлиши ва у ердаги конларни ўзлаштиришга шерик бўлиш эҳтимоли ҳам шулар жумласидандир.