Президент хавфсизлигига жавобгар шахс ҳайдалди
3-саҳифа
−
20 июл 12017 5 дақиқа
Жорий йилнинг 16 июль куни Мирзо Улуғбек туманида Onix ҳамда 3 нафар ЙПХ ходими бошқариб бораётган мотоцикл иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу автоҳалокат ҳақида катта эҳтимол билан эшитдингиз. Бир нафар ЙПХ ходими вафот этгани расман маълум қилинди. Хўш, қолган 2 нафар ҳайдовчининг аҳволи қандай?
Воқеа жойидан тарқалган видеода тўқнашув пайти олов чақнагани, енгил автомашина бўлаклари сочилиб кетгани кўринган. Хўш, унинг ичида нечта одам бўлган? Уларнинг ҳолати қандай?
Автоҳалокат юзасидан жиноят иши қўзғатилганми? Бугун бу каби саволлар кўпчиликни ўйлантираётгани аниқ. QALAMPIR.UZ расмийлар билан боғланган ҳолда сўроқларга жавоб топишга уринди.
1 нафар ходимнинг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса жорий йилнинг 16 июль куни Мирзо Улуғбек туманида кузатилди. Onix ҳамда 3 нафар ЙПХ ходими бошқариб бораётган мотоцикл иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бошқа бир ЙПХ ходими томонидан тўхтатиб турилган автомашинанинг камерасига тушиб қолган. Унда кўриш мумкинки, даҳшатли тўқнашув соат 18:28 да содир бўлган.
ЙПХ ходимининг юриш мумкинлиги тўғрисидаги ишорасидан кейин Ғазалкент кўчасидан чорраҳага кириб келган Onix’га Дўрмон йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланган 3 та мотоцикл ҳайдовчиси урилган. Ҳолат акс этган видео дарҳол норасмий Telegram-каналларда тарқалди. Унда эса тўқнашувдаги 3 та ходим кортеж кузатувчиси бўлгани айтилганди. Бироқ бу хабарлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати берган расмий изоҳда нотўғри экани маълум қилинди.
“Ижтимоий тармоқларда мазкур ЙТҲ кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани тўғрисида нотўғри талқин кузатилмоқда. Тармоқ вакилларидан асослантирилмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади расмий ахборотда.
Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходим Озодбек Қўлдошалиев 29 ёшда эди. У Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси Махсус батальони мото гуруҳи командири, лейтенант бўлган. Марҳум ходим 17 июль куни ўзи туғилган Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида сўнгги манзилга кузатилди. QALAMPIR.UZ жамоаси унинг оила аъзоларига сабр тилайди.
Автоҳалокат жойидан тарқалган видеода Onix қарама-қарши йўлдаги светафорда тўхтаб турган Spark ҳамда Nexia русумли автомашиналарга ҳам урилгани акс этган. Табиийки савол туғилади: бу машинадагилардан ҳеч ким жароҳатланмаганми? Onix’да яна бошқа йўловчилар бормиди? Унинг ҳайдовчиси қай ҳолатда? Бу саволларга жавоб олиш учун Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев билан боғландик. У “автоҳалокатга учраган Onix ичида бошқа йўловчилар ҳам бормиди?” деган саволимизга, ЙТҲ ларида умумий йўловчиларнинг сони эмас, фақат жароҳатланганлар сони қайд этилишини маълум қилди.
“ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олган 3 киши, 2 нафар ходим ва Onix ҳайдовчиси шифохонага олиб кетилган. Енгил жароҳат олганларга воқеа жойида биринчи ёрдам кўрсатилган”, деди Зойир Йўлдошев.
Айни пайтда уччала жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанмоқда. Уларнинг тиббий ҳолати ҳақида эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев орқали маълумот олишга уриндик. У Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази билан боғланиб, ҳамамсини аниқлаштириб маълумот беришини айтди. Бироқ кейинги қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Турли асосланмаган таҳминлар тарқалмаслиги учун ССВнинг расмий муносабатини кутиб қоламиз!
Ўтган ҳафтада кузатилган яна бир муҳим воқелик эса Президент Давлат хавфсизлиги хизмати раҳбари Алишер Усмоновнинг ишдан олиниши бўлди. 2020 йилнинг декабрь ойидан буён Президент Давлат хавфсизлиги хизмати раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Алишер Усмонов 17 июлда эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди. Маълумот ўрнида, мазкур тузилма бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентининг хавфсизлигини таъминлаш, мамлакат етакчисининг оила аъзолари ва хорижий давлатлар раҳбарларининг ташрифлари хавфсизлигини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
Алишер Усмонов ПДХХ раҳбарлигига тайинланишидан олдин узоқ йиллар давомида куч ишлатар тизимларда, хусусан, Давлат хавфсизлиги хизмати раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам масъул лавозимларда, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
Давлат хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлашдаги хизматлари учун 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.
Алишер Аброрович Усмонов ҳақида батафсил маълумот йўқ. Таржимаи ҳоли ҳам очиқ эълон қилинмайди. Буни эса касбий фаолиятининг хусусияти билан боғлаш мумкин. У оммавий ахборот воситаларида кам кўриниш беради. Умумий қилиб айтганда эса ёпиқ шахслар сирасига киради. Унинг ўрнига Рустам Мирзаевич Жўраев Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлиги хизмати раиси лавозимига тайинланди ва унга генерал-лейтенант махсус унвони берилди.
Ҳарбий амалдорлар ҳақида очиқ манбаларда маълумот топиш қийинлиги деярли барча давлатларда кузатилади ва хавфсизлик нуқтаи назаридан бу жуда нормал ҳолат. Хўш, Президент хавфсизлигига жавоб беришдек катта масъулиятли ишга киришган Рустам Жўраев ҳақида нималарни биламиз?
Генерал-лейтенант Жўраев 1968 йил 26 июлда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ички ишлар вазирлиги академиясида таҳсил олган. У Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам фаолият юритган. 2018 йилнинг февраль ойидан 2020 йил март ойигача Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи – Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. У жорий йилнинг январидан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Live
Барчаси