Атамбоев суддан тез ёрдам машинасида олиб кетилди
Олам
−
04 Апрель 2022
15075Бир қатор жиноий ишларда гумон қилинаётган Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев бугун, 4 апрель куни соғлиғи ёмонлашгани сабабли мамлакат пойтахтининг Первомай тумани суд залидан тез ёрдам машинасида олиб кетилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Атамбоев адвокатларининг маълум қилишича, собиқ президент жазони ўтаётган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига қайтарилган. Мазкур ҳолат юзасидан суд мажлисни 5 апрель куни давом эттиришга қарор қилган.
Алмазбек Атамбоев бир неча ой давомида ўзи иштирок этган ишлар бўйича суд қилинмоқда. Бу сафар у 2020 йилнинг кузида ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш бўйича судга келтирилди.
“Мен барибир қачондир озодликка чиқаман, ҳатто, умрбод қамоқ жазоси беришса ҳам”, деган Атамбоев журналистларга.
Унинг таъкидлашича, амалдаги Президент Садир Жапаров ҳокимиятга келганидан сўнг, у сақланаётган жазони ижро этиш колониясида шароит бироз яхшиланган.
2020 йил июнь ойида собиқ президент республика Жиноят кодексининг “Коррупция” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. Тергов маълумотларига кўра, у бир гуруҳ одамлар билан бирга криминаль авторитет Азиз Батуқаевнинг ҳибсхоналардан ноқонуний равишда озод этилишига ҳисса қўшган.
Маълумот учун, 2020 йил октябрь ойида Бишкекда парламент сайловлари натижаларига рози бўлмаганларнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Шундан сўнг, намойишчилар талабига кўра Алмазбек Атамбоев 2019 йил август ойидан бери сақланаётган тергов изоляторидан озод қилинган, бироқ кейинроқ яна ҳибсга олинган. Терговчиларга кўра, жаноб Атамбоев собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва бошқа амалдорлар билан тил бириктириб, ҳокимиятни эгаллаб олган. 2021 йил сентябрь ойида унга нисбатан айблов эълон қилинган.
LiveБарчаси