Атамбоев ким? У давлат бошига қандай келганди?

Таҳлил

image

Бугун 9 август куни куч ишлатар тузилмалар томонида ҳибсга олинган Қирғизистоннинг собиқ Президенти Aлмазбек Aтамбоев аслида ким ва у қандай қилиб, мамлакатнинг тўртинчи Президентига айланди?

Алмазбек Атамбоев 1956 йил 17 сентябрда Қирғизистоннинг Фрунзе вилояти (ҳозирги Бишкек) Ворошилов тумани Aрашан қишлоғида туғилган, 1980 йилда у Сержо Оржоникидзе номидаги Москва бошқарув институтини (ҳозирги Давлат бошқарув университети) муҳандис-иқтисодчи, мутахассислиги бўйича тугатган. Меҳнат фаолиятини муҳандис, сўнгра Қирғизистон ССР Aлоқа вазирлиги корхоналарида етакчи иқтисодчи сифатида бошлаган. 1981 йилда у 4-сонли йўлларга техник хизмат кўрсатиш бўлимининг бош муҳандиси лавозимига ўтказилди.

Референтликдан директорликкача

1983 йилда Алмазбек Атамбоев Қирғизистон ССР Олий Кенгаши Президиумида муҳаррир ва катта референт этиб тайинланган. 1983 йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзосига айланади. 1987-1989 йилларда Фрунзе (Бишкек) шаҳрининг Биринчи май тумани ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари бўлди. 1989 йилда у барча лавозимларини ташлаб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 1997 йилгача у “Форум” илмий-ишлаб чиқариш компанияси директори, сўнгра 1997 йилдан 1999 йилгача “Қирғизавтомаш” ОAЖ бош директори лавозимларида ишлади. 1999-2004 йилларда “Форум” саноат гуруҳи директорлар кенгаши раиси, 2004 йилдан 2005 йилгача “Қирғизавтомаш” корпорацияси директорлар кенгаши раиси бўлган.  

Депутатликдан Ҳукуматгача

Алмазбек Атамбоев 1995-2000 йилларда 2-чақириқ Жўқорғу Кенеш Халқ вакиллари ассамблеясига сайланган. У ўз округида 3-чақириқ Жўқорғу Кенеш депутатлигига номзод сифатида қайта сайланди, аммо сайловда ютқазди. 2000 йилда Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган Президент сайловларида Алмазбек Атамбоев учинчи ўринни эгаллади. “Лола” инқилобидан сўнг, 2005 йил сентябрдан 2006 йил апрелгача Қирғизистон Республикаси саноат, савдо ва туризм вазири бўлган.

2007 йилнинг 30 мартидан 2007 йил 28 ноябригача Республика Бош вазири. “Aпрель инқилоби”дан сўнг, 2010 йил 7 апрелда муваққат ҳукумат раҳбарининг иқтисодиёт бўйича ўринбосари бўлди ва 2010 йил 13 июль куни истеъфога чиқди.

Ҳукуматга қайтиш

Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Бош вазири лавозимига даъвогарлик қилди, бироқ Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асановнинг позицияси сабаб парламентнинг қўллаб-қувватлашига эришолмади. Бектур Aсанов 2010 йил 17 декабрда Жалолобод вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинганидан кейин Алмазбек Атамбоев Роза Отунбоева бошчилигидаги муваққат Ҳукуматнинг раҳбари этиб тасдиқланди. 
Қирғизистонда ўтиш даврининг сўнгги йилида ўз бахтини синаб кўриш мақсадида у учинчи маротаба республика Президентлигига номзод бўлди. Сиёсий минбарлараги нутқи ва қирғиз халқининг яхши яшаши тўғрисида берилган ваъдалари сабаб у сайловнинг биринчи туридаёқ катта фарқ билан рақибларини ортда қолдирди.

Ваниҳоят уддалади

Қирғизистонда 2011 йилнинг октябрида ўтказилган Президентлик сайловларида Алмазбек Атамбоевга Адахан Мадумаров,  Камчибек Ташиев, Темирбек Асанбеков, Омурбек Суваналиев, Кубатбек Байболов, Турсунбой Бакир ўғли, Анарбек Калматов, Арстанбек Абдилдаев, Марат Иманқулов, Кубоничбек Исабеков, Курманбек Осмонов, Акбарали Айтикеев, Торобай Колубаев, Сооронбай Дийканов, Алмазбек Каримовлар сиёсий рақиб бўлган.
2011 йилнинг 1 декабрида Қирғистоннинг янги Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Президентлик инагурцияси ўтказилди.

Серфарзанд Атамбоев

Атамбоевнинг 6 нафар фарзанди бўлиб, ҳозирги рафиқаси Раиса Атамбоева билан 1988 йилда турмуш қурган ва бу никоҳдан уларнинг Қадир ва Алия исмли ўғил-қизлари бор. Сейитбек, Сейтек, Диана, ва Динараларниниг онаси Атамбоевнинг биринчи рафиқаси Буажар Тенизбаева ҳисобланади.

Собиқ Президент Алмазбек Атамбоев сиёсатдан ташқарида гитарада қўшиқлар ижро этишни ҳуш кўради.

Қирғизистоннинг энг бой одами

2004 йилда Алмазбек Атамбоев Қирғизистоннинг энг бой 100 кишиси қаторига киритилган. 2017 йилнинг ноябрь ойига қадар гарчи “манбалари номаълумлигича қолаётган” бўлса-да, Алмазбек Атамбоев Қирғизистоннинг ниҳоятда бой Президенти бўлиб турган.

Ваколат муддати тугагач, собиқ Президент исми муниципал мулкни ноқонуний хусусийлаштиришдан тортиб инфратузилмавий лойиҳалар маблағларини ўмаришгача бўлган жиноят ишларида тилга олина бошлади. Атамбоев ва унинг энг яқин гумашталари коррупция ва ноқонуний фаолиятда айбланган мақолалар Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Олтмиш уч ёшни қоралаган Алмазбек Атамбоев ўз бойлиги билан ошкора мақтанишни ҳам яхши кўрарди. 2016 йилда, хорижий давлатлар элчилари ишончи ёрлиқларини топшириш маросимида Қирғизистон Президенти унинг сиёсий карьераси миллиардерга айлангач бошланганини айтиб ўтган. 2017 йилнинг февралида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида Атамбоев шундай деган: “Атамбоев ҳеч қачон ўғрилик қилмаган! У ўз пулларини ўзи ишлаб топган! Атамбоев миллиардерга айланганида, бугунги миллионерлар ўз бизнесларини энди бошлашган эди!”

 

Аммо, собиқ Президентнинг декларацияланган даромади жуда камтар. 2010 йилда у вақтинчалик Ҳукуматда Бош вазир сифатида 5 минг 944 доллар ишлаб топган. 2015 йилга келиб, расмий маълумотларга кўра, Атамбоев 111 минг 205 доллар, унинг рафиқаси Раиса Атамбоев 580 минг 860 доллар даромад қилган. Ҳашаматли бойликларга эътибор қаратилса, собиқ Президент оиласи президентлик чоғида анча кўпайган, бироқ келиб чиқиши номаълум бўлган янада каттароқ молиявий ресурсларга эга эканлиги ойдинлашади.

Шундай объектлардан бири — Бишкекдан жануброқда жойлашган, 2016 йилда қурилган Қўй-Тошдаги уч қаватли саройдир. Айни шу саройдан бугун у ҳибсга олиб кетилди. 

Президентликка сайлангунига қадар Атамбоев Бишкекнинг шарқидаги кўзга ташланмас уйда истиқомат қилган.

2018 йилнинг мартида собиқ Президент Бишкекдаги давлат раҳбари қароргоҳи ҳудудида майдони 300 квадрат метр бўлган ёзги вилла қурган.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

428

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг