Атакама чўли ўзининг ноёб қоронғилигини йўқотмоқда
Олам
−
29 Май 3103 2 дақиқа
Чилининг Атакама чўли дунёдаги энг қоронғи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли бу ер астрономлар учун жуда муҳим жойга айланган. Айнан шу ҳудудда жойлашган Паранал обсерваторияси орқали олимлар коинот бўйича муҳим кашфиётларни амалга ошириб келмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бироқ сўнгги йилларда чўл атрофида шаҳарлар, конлар ва саноат объектлари кўпайиши ортидан сунъий ёруғлик ҳам кучайган. Мутахассислар бу ҳолат осмоннинг табиий қоронғилигини бузиб, юлдузларни кузатишни қийинлаштираётганини айтмоқда.
Астрономларнинг таъкидлашича, ҳатто кичик ёруғлик манбалари ҳам кучли телескоплар ишига салбий таъсир қилади. Чунки Атакаманинг асосий қиймати — унинг деярли мутлақ қоронғилигида.
Олимлар бу муаммо нафақат илм-фан, балки табиат учун ҳам хавфли эканини айтмоқда. Ёруғлик ифлосланиши ҳайвонлар ва ўсимликларнинг табиий ҳаёт тартибини бузиши, инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Ҳақиқий қоронғуликни топиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бу – танқислик муаммоси. 50 йил аввал дунёда қоронғи осмонлар жуда кўп эди, бироқ бугун улар кескин камайиб, йўқолиб бораётган муҳитга айланган. Агар биз уларни ҳимоя қилмасак, уларни бутунлай йўқотиб қўйишимиз мумкин ва бу курашда ютқазсак, унинг ўрнини босадиган ҳеч нарса бўлмайди”, деди Чилидаги Антофагаста университети астрономи Эдуардо Унда-Санзана.
Мутахассислар фикрича, агар қатъий чоралар кўрилмаса, инсоният коинотни кузатиш учун энг муҳим ҳудудлардан бирини йўқотиши мумкин.
Live
Барчаси