Асилзода-2. Қироличанинг келини Диананинг ўлими ортида қандай сир бор?
Бу қизиқ
−
09 Декабрь 2021
28961“Қайғу - бу севги учун тўлашимиз керак бўлган товон”.
Буюк Биритания қироличаси Елизавета II
Тахт шундай нарсаки, у ҳатто, ўзганинг соясини ҳам сиғдирмайди. Ҳокимиятнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бўлиб, уни бузиш мумкин эмас. Қоидани бузганлар қаттиқ жазоланади. Шаҳзода Чарльз Уэльскийнинг хотини малика Диана қироллик оиласига тегишли бўлган айрим сирларни оммага ошкор қилмоқчи эди. Бироқ у бунга улгурмади. Шаҳзода Гарри ҳам монархия қонунларини бузганлиги учун қироллик оиласидан четлатилди.
Куни кеча эълон қилинган “Асилзода. 69 йилдан буён дунёни “қўлида тутаётган” аёл” номли мақоланинг 1-қисми ўқувчилар орасида катта қизиқиш уйғотди. 69 йилдан буён Британия тахтида ҳукмронлик қилиб келаётган қиролича Елизавета II ва қироллик оиласи ҳақида биз билган ва билмаган сирлар талайгина. Демак, яна Британия қироллик оиласи, Букингем саройида меҳмонмиз.
Қироличани йўқ қилишга уринишлар
Маълумотларга кўра, қироллик оиласини махсус тайёргарликдан ўтган 50 та қўриқчи ҳимоя қилади. Шунга қарамай, Елизавета II ҳукмронлик йилларида махсус кучлар қироллик оиласи аъзоларининг шахсий хавфсизлигини бузиш билан боғлиқ 20 дан ортиқ ҳолатни қайд этган.
1966 йилда қиролича Елизавета II Шимолий Ирландия пойтахти Белфаст шаҳрига ташриф буюрди. Шаҳар кўчаларидан ўтиб кетаётган қиролича ўтирган махсус автомобиль устига юқоридан катта бетон бўлаги келиб тушди. Бу ҳолатда қироличага ҳеч қандай зарар етмаган.
1970 йилда Қироличага нисбатан навбатдаги суиқасд содир бўлди. Ўша йилнинг апрель ойида Елизавета II Австралияга ташриф буюрди. Қиролича поездда Сиднейдан Ориндж шаҳрига йўл олди. Суиқасд муаллифлари катта тезликда ҳаракатланаётган поездни рельсдан чиқариб юбориш учун бир нуқтага махсус ускуна ўрнатишган. Бахтли тасодиф туфайли айнан махсус ускуна ўрнатилган нуқтадан поезд секин ҳаракатланиб ўтиб кетади. Поезд ўтишдан роппа-роса бир соат олдин темир йўл махсус локомотив ёрдамида кўздан кечирилган эди.
Суиқасдлар фақатгина қиролича Елизавета II га нисбатан бўлмаган. Қироллик оила аъзоларига ҳам суиқасдлар уюштирилган. Мисол учун 1974 йилда Букингем саройи яқинида номаълум шахслар малика Аннани ўғирлаб кетишга уринган. Бундан ташқари, 1981 йилнинг май ойида террорчилар Уэлс шаҳзодаси Чарльз номига бомба жойланган совғани қироллик оиласига юборади. Лекин саройга келган ҳар бир совға эгасига берилишидан олдин, махсус текширувдан ўтган. Совға текширилганда, унинг ичида бомба борлиги аниқланган. Бу воқедан бир ой ўтиб, Елизавета II га ҳужум уюштирилди. Анъанавий парад вақтида бир йигит қиролича минган от олдига келиб, тўппончадан олти маротаба ўқ узди. Аммо ўқлар ҳақиқий эмасди. Ҳужумни ишсиз британиялик Маркус Сарджент амалга оширган. Маълум бўлишича, Маркус бу ҳужумни халқ олдида қироличани обрўсизлантириш учун қилган.
Оила атрофидаги можаролар
Қиролича Елизавета II нинг ягона Маргарета исимли синглиси бўлиб, улар ўртасидаги муносабатлар Елизавета тахтга келиши ва синглисининг ҳавойи орзу-ҳавасларига қарши чиқиши ортидан совуқлашиб борган. Жозибадор Маргарета ўзидан 16 ёш катта Питер Таунсендни яхши кўриб қолганди. Питер Таунсенд Иккинчи жаҳон урушининг қаҳрамони ҳисобланган. Малика Маргарета кўп вақтини Питер билан ўтказар, бу ўз навбатида қироличани хавотирга солар эди. Қиролича синглисининг қаршиликларига қарамай, уни банкир оиласидан чиққан Энтони Армстронг Жонсга турмушга берди. Шундан сўнг, опа-сингил орасига совуқчилик тушган.
Қиролича Елизавета II ҳукмронлигининг 40 йиллиги муносабати билан буюртма асосида Британия қироллик оиласи ҳақида фильм суратга олинди. Ушбу фильмда қироллик оиласи катта қаср атрофидаги майсазорда ўйнаётган, кўп болали, бахтли оила сифатида тасвирланган. Бироқ фильм эфирга чиққанидан бир ой ўтгач, қироллик оиласига кўз тегди.
Қироличанинг иккинчи ўғли шаҳзода Эндрю оиласида келишмовчилик чиқди. 1996 йил шаҳзода Эндрю рафиқаси Сара Фергюсон билан ажрашди. Маълумотларга кўра, малика Сара шаҳзода Эндрюга кўп босим ўтказган. Ҳатто, айрим оммавий ахборот воситалари малика техаслик миллионер Стив Уайт билан ишқий муносабатда бўлгани ҳақида хабар берди. Тез орада эридан ажрашган Сара Стив Уайт билан турмуш қурди.
Ўша йилли шаҳзода Чарльз ҳам малика Диана билан ажрашди. Ички низолар оила каттаси Елизавета II нинг қалбини чуқур яралади.
Малика Диананинг сирли ўлими
1996 йилда оиладаги келишмовчилик натижасида малика Диана шаҳзода Чарльз билан ажрашди. 1997 йил 31 август куни Диана Парижда автоҳалокат оқибатида вафот этди. Расмий маълумотларга кўра, бу ҳодиса машина ҳайдовчисининг маст ҳолатда бўлгани сабаб юз берган. Бироқ кўплаб газеталар бу ҳалокат ортида яширин куч тургани ҳақида ёзди. Ҳақиқатан ҳам бу воқеа ҳақида жуда кўп тафсилотлар мавжуд. Хусусан, бир-бирини инкор этувчи текширувлар, гумонланувчининг ўз жонига қасд қилиши ҳалокатни тасодифан рўй берганини рад этади.
Малика Диана эри билан ажрашгач, мисрлик миллиардер Муҳаммад ал-Фейднинг ўғли ал-Фейд Доди билан ишқий муносабатда бўлган. 31 август куни Париждаги “Ритз” меҳмонхонасидан малика Диана, ал-Фейд Доди ва қўриқчи Тревор Mercedes-Benz W140 русумли автомобилга ўтиришди. Тунги соат 00:23 да автомобиль ер ости туннелида бетон деворга урилиб, ҳалокатга учради. Ҳайдовчи ва ал-Фейд Доди воқеа жойида вафот этди. Диана эса бир неча соатдан кейин шифохонада жон берди. Ҳалокатдан ягона омон қолган қўриқчи Тревор ўз хотирасини йўқотган. Докторларнинг таъкидлашича, Тревор бошига тушган кучли зарб туфайли барча воқеаларни унутган.
Бир қатор гувоҳлар бахтсиз ҳодисадан кейин оқ рангли Fiat Uno русимли автомобиль туннелдан катта тезликда чиқиб кетганини кўрган. Шундан кейин экспертлар туннелдаги бахтсиз ҳодиса жойидан оқ бўёқ изларини топди. Маълум бўлишича, ҳалокатга оқ автомобиль ҳайдовчиси айбдор бўлган. Шундан сўнг Fiat Uno’нинг ҳайдовчиси қидирувга берилди. Лекин гумонланувчи жонсиз ҳолатда топилган.
Мисрлик миллиардер Муҳаммад ал-Фейд расмий тергов хулосаларини инкор этиб, мустақил детективларни ишга солди. Миллиардернинг таъкидлашича, авария Британия махсус кучлари томонидан уюштирилган. Бунга собиқ маликанинг ҳомиладорлиги ва унинг ўғли Дианага уйланмоқчи экани сабаб бўлган. Муҳаммад ал-Фейднинг иддаоларига кўра, қироллик оиласи Британия тахти ворисининг ўгай отаси мусулмон бўлишини истамаган. Чунки малика Диана дунёга келтирган бола катта эҳтимол билан Британия тахтига ўтириши мумкин эди. Диананинг ўлимидан сўнг, унинг жасади дарҳол ҳеч қандай текширишларсиз дафн этилган.
Айрим маълумотларга кўра, малика Диана қироллик оиласига тегишли махфий сирларни оммага ошкор қилмоқчи бўлган. Бу қандай сир бўлиши мумкин? Диана қироллик оиласи махфий тарзда масон ташкилоти ва Ротшильдлар билан келишган ҳолда иш олиб боришидан хабар топган. Бироқ у бу сирни ошкор қилишга улгурмади.
Шаҳзода Гарри нима учун оиладан четлатилди?
Шаҳзода Чарльз Уэльскийнинг ўғли, қироллик тахтига олтинчи даъвогар Сассекс герцоги Генри Чарльз америкалик актриса Меган Марклни севиб қолади. Бироқ шаҳзода Меган Марклга уйлана олмасди. Сабаби америкалик актриса эридан ажрашган. Монархия қонунларига кўра, шаҳзодалар ажрашган аёл билан турмуш қуриши тақиқланади. Бироқ Генри Чарльз Марклга жуда қаттиқ ошиқ бўлганди. Шаҳзода қироллик оиласи ваколатларидан воз кечиб, 2018 йил 19 май куни америкалик актрисага уйланди. Тез орада ёш оила унвон учун ажратилган молиявий маблағлардан воз кечиб, шундай дейишди:
“Кўп ой давомида ўйлаб ва мулоҳаза юритиб мана шу монархия ичида аста-секин янги прогрессив ролга ўтишга қарор қилдик. Биз қироллик оиласининг “юқори мартабали” аъзолари олдида ҳисобдорликдан қутилиш ва молиявий мустақил бўлиш учун четга чиқмоқчимиз. Шу билан бирга қиролича Зоти Олияларини тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этамиз”.
Хозирги кунда Гарри Чарльз ва Меган Маркл АҚШда яшаб келмоқда.
Қироличанинг бойлиги қанча?
Хабарларга кўра, 2014 йилда Британия фуқаролари монархияни сақлаб қолиш учун маълум миқдорда солиқ тўлашган. Тўпланган маблағнинг учдан бир қисми, аниқроғи – 13,3 миллион фунт стерлинг қироллик саройини таъмирлаш учун сарфланган.
Қиролича Елизавета II нинг асосий даромад манбаси “Crown Estate” ёки “суверен грант” деб аталадиган даромаднинг белгиланган фоизи ҳисобланади. Қонунга кўра, “Crown Estate”нинг барча даромади давлат ғазнасига тушади. Ундан Британия монархи ўзининг 15 фоизи улушини олади.
2020 йилнинг дастлабки уч ойида “Crown Estate” 285 миллион фунт стерлинг ишлаб топди. Шу пулдан 43 миллион фунт стерлинг қироличанинг чўнтагига тушган. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Елизавета II нинг бойлиги 110 миллион фунт стерлинг. Бунда қироличага тегишли Рембрандт, Клод Моне ва бошқа машҳур рассомларнинг асарини ўз ичига олган бадиий коллекциянинг қиймати ҳисобга олинмаган.
Тахт учун номзодлар
Тахтга ворислик ҳақидаги қонунга кўра, Британияда қиролнинг ўғли ўз опа ва синглисидан устун бўлиб, тахтни отасидан мерос қилиб олган. Бироқ 2011 йилда тахтга ворислик тўғрисидаги қонунни ислоҳ қилиш масаласи парламентда муҳокамага қўйилди. 2013 йилда ворислик қоидалари ўзгартирилди. Янги қонунга кўра, тожга эгалик қилиш учун иккала жинсдаги авлодларга тенг ҳуқуқ берилди ва энг ёши катта ворис тахтни эгаллайдиган бўлди.
Елизавета II нинг вориси унинг тўнғич ўғли Уэлс шаҳзодаси Чарльз ҳисобланади. 2006 йилнинг январь ойида қиролича ўз ваколатларининг бир қисмини катта ўғлига топширди. Бироқ ҳозирча Елизавета II ҳар ҳафта Бош вазир билан учрашиш, парламент мажлисининг расмий очилишида қатнашиш каби вазифаларни ўзида сақлаб турибди.
2006 йилнинг май ойида “The Times” газетаси Уэлс шаҳзодаси ҳақида мақола чоп этди. Бу мақола маҳаллий матбуотда шов-шувга сабаб бўлди. Мақола матнида шаҳзода Чарльз тахтга ўтирса, мамлакатда катта сиёсий ўзгаришлар бўлиши ёзилган эди. Ушбу мақолани “The Times” бош мухбири Катрин Майер аниқ манбаларга таяниб ёзган. Мақолани ўқиган айрим британиялик сиёсатчилар хавотирга тушиб қолишди. Лекин қироллик тахтга шаҳзода Чарльздан бошқа номзодлар ҳам бор. Мисол учун унинг тўнғич ўғли Уильям Артур Филипп Луис.
Агар қиролича вафот этса, мамлакат қанча зарар кўради?
2021 йил 9 апрель куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II ўз суянчиғидан айрилди. Эдинбург герцоги Филипп Маунтбеттен 99 ёшида вафот этди. Унинг ўлими малика учун чуқур ва ўрнини босмайдиган йўқотиш бўлди. Қиролича Елизавета II ва Филипп 74 йил мобайнида бирга ҳаёт кечиришди. Уларнинг муҳаббати ҳеч қачон оммага кўз-кўз қилинмаган, аммо, абадий ва энг ақлбовар қилмайдиган воқеалар сифатида ёдда қолди.
Ҳар қандай вазиятда хушмуомала ҳамда вазмин кўринган инглизлар Елизавета II нинг вафотидан кейин қандай яшашларини узоқ ва кўп марта муҳокама қилишган.
Елизавета II нинг вафоти Буюк Британия иқтисодиётига катта зарар келтиради. Турли ҳисоб-китобларга кўра, қироличанинг вафотидан сўнг мамлакат ялпи ички маҳсулоти 6 миллиард фунт стерлингга тушиб кетиши мумкин. Ушбу молиявий йўқотишлар ўз ичига жаноза маросими харажатларини олмайди. Бундай йўқотиш, аввало, қиролича вафот этган дақиқалардан то 12 кун давом этадиган мотам, мамлакатда ишбилармонлик ва ижтимоий ҳаёт музлаши билан боғлиқ.
Қиролича ўлса, қимматли қоғозлар бозорлари ва банклар номаълум муддатга ёпилади. Телевизион каналлар барча кўнгилочар кўрсатувлари ва сериаллар намойишини бекор қилишга мажбур бўлади. Худди шу тақиқлар мамлакат бўйлаб театр ва концерт томошаларига ҳам тааллуқли. Кўнгилочар маҳсулотлар ва хизматлар соҳаси катта йўқотишларга дуч келади. Бу ҳақида келгуси мақоламизда гаплашамиз.
LiveБарчаси