Ашхободда озиқ-овқат танқислиги кескинлашди

Олам

image

Туркманистон пойтахти Aшхободда озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислиги юзага келмоқда. Кунлик эҳтиёжлар учун зарур бўлган рацион (маълум вақтда бериладиган озиқ-овқат) маҳсулотларини етказиб беришда узилишлар мавжуд. Шаҳар аҳолиси кутилган вақтда ўз рационини олмаган. Бу ҳақда “Turkmen news” нашри хабар бермоқда.

Жорий йилнинг апрель ойидан буён давлат нархида сотиладиган маҳсулотларни пойтахт аҳолисининг уйларига етказиб бериш бошланганди. Чунки, ўша вақтда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келиб, савдо расталарининг олдида юзлаб одамлар тўплана бошлаган. Турнақатор навбатларни раҳбарият Президентни “обрўсизлантиради”, пойтахт қиёфасини бузади, деб ҳисоблаб, ушбу амалиётни жорий қилган.

Aйни пайтда баъзи оилаларга рацион ҳар 10 кунда бир марта етиб келяпти. Aммо уларга ҳам зарур маҳсулотларнинг ҳаммаси берилмаган. Давлат дўконлари ушбу ҳолатни карантин ва йўлларнинг ёпилиши билан изоҳламоқда. Ҳатто баъзи пойтахтликларга давлат дўконларининг ходимлари бундан буён рацион ойига бир марта етказиб берилишини айтган.

“Менинг уйимда тахминан бир ҳафтага етадиган ёғ бор. Бундан буён рацион 10 кунда эмас, ойда бир марта келадиган бўлса, қандай яшаймиз”, деб шикоят қилади шаҳарликлардан бири.

Туркманистондаги давлат дўконларида чекланган турдаги маҳсулотларнинг нархи тахминан бир ойлик маошга тенг. Хусусий дўконларда нарх ноқонуний бозордаги доллар курсига қараб белгиланган. Ҳозирда бир доллар тахминан 33 манатни ташкил қилади.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг баҳорида мамлакатдаги иқтисодий инқироз янада оғирлашди. Оқибатда, маҳаллий давлат дўконида ҳар бир оилага чекланган миқдордаги озиқ-овқат сотилди. Бир йил ўтгач, Aшхободда бу маҳсулотлар уйларга етказиб берила бошлади ва яқинда Туркманободда ҳам шундай амалиёт жорий этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

381

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг