БМТ паспортига эга чет элликлар учун визасиз режим белгиланди
Жамият
−
25 Декабрь 2019
4035Аввалроқ, дипломатик паспортга эга Ўзбекистон ва Ҳиндистон фуқароларига визасиз режим жорий этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Энди эса БМТнинг биометрик ҳужжатига эга бўлган чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим белгиланди. Бу ҳақда Президент Фармонида келтириб ўтилди.
Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб БМТнинг биометрик ҳужжатига (қизил рангли Laissez-Passer паспорти) эга бўлган чет эл фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.
Шунингдек, Фармонга кўра:
• БМТнинг биометрик ҳужжатига (мовий рангли Laissez-Passer паспорти) эга бўлган чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш визалари Ўзбекистондаги таклиф қилувчи томоннинг хати асосида 2 иш куни ичида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расмийлаштирилади;
• БМТнинг биометрик ҳужжатларига (қизил ёки мовий рангли Laissez-Passer паспорти) эга бўлган ва Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эл фуқароларида бир вақтнинг ўзида амал қилиш муддати мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддатидан кам бўлмаган миллий паспорти (ҳаракатланиш ҳужжати) бўлиши лозим.