Аш-Шара террорчими ёки президент?

Таҳлил

image

Бир пайтлар АҚШ томонидан террорчи ташкилот раҳбари сифатида кўрилган Аҳмад аш-Шара бугун Вашингтон билан муносабатларда янги бобни очмоқда. Собиқ жангари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний энди йўқ, унинг ўрнига костюм-шим киядиган, галстук тақадиган Аҳмад аш-Шара бор.

Гап шундаки, 24 август куни АҚШ Сурияни 1979 йилдан бери амал қилиб келган “терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар” рўйхатидан чиқарди ва Аш-Шара бошчилигидаги Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ)га нисбатан ҳам террорчилик мақомини бекор қилди.

Бир вақтлар “Ал-Қоида”нинг Суриядаги бўлинмаси раҳбари сифатида ном қозонган ўша Жўлоний бугун расмий доираларда Сурия давлат Президенти мақомида аста-секин тан олинмоқда. Вашингтон эса кечаги душманини бугун халқаро майдонга қайтариш учун кўмаклашяпти.

Хўш, Жўлонийдан Аш-Шарагача қандай йўл босиб ўтилди? АҚШнинг Сурияга нисбатан сиёсати нега кескин ўзгарди ва бу яқинлашув ортида фақатгина Дамашқнинг “янги қиёфаси” турибдими?

Террорчидан президентгача

1982 йил, Дамашқнинг бадавлат оилаларидан бирида туғилган Аҳмад аш-Шара болалигидан ўқимишли, аммо уятчан ва “ижтимоий интроверт” бўлиб ўсди. У 2001 йил 11 сентябрь терактларидан кейин жиҳодчи мафкурага қизиқиш бошлади. АҚШнинг Ироққа бостириб кириши эса унинг ҳаётидаги кейинги бурилиш нуқтаси бўлди. У Ироққа бориб, Абу Мусаб аз-Зарқовий бошчилигидаги “Ал-Қоида” сафига қўшилди ва ўзига янги “Жўлоний” номини олди. Кейинчалик у АҚШ кучлари томонидан қўлга олиниб, қарийб беш йил давомида ҳибсда сақланди.

2011 йилда Сурияда Башар Асад ҳокимиятига қарши қўзғолон бошлангач, Жўлоний мамлакатга қайтди. У ерда “Ал-Қоида”нинг Сурия бўлинмаси сифатида фаолият юритган “Жабҳат ан-Нусра” ташкилотига раҳбарлик қилди. 2013 йилда эса “Исломий давлат” етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга бўйсунишдан бош тортиб, “Ал-Қоида” раҳбари Айман аз-Завоҳирийга содиқлигини билдирди. Шу тариқа Жўлоний нафақат Асад режимига, балки Суриядаги бошқа жиҳодчи гуруҳларга қарши курашаётган мураккаб кучлар тизимининг ҳам муҳим ўйинчисига айланди.

Аммо вақт ўтиши билан Жўлоний ўзининг аввалги қиёфасини ўзгартира бошлади. 2014 йилда у радикал қарашларининг энг юқори нуқтасида турган бўлса, кейинги йилларда унинг баёнотлари тобора прагматик тус олди. 2015 йилда у “Исломий давлат”дан фарқли равишда Ғарбга ҳужум қилиш нияти йўқлигини билдирган, Асад ағдарилганидан кейин эса алавий озчиликка қарши қасос олинмаслигини айтиб баёнотлар бера бошлаган.

Энг муҳим қадам эса 2016 йилда ташланди. Жўлоний “Ал-Қоида” билан алоқаларини узишини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, 2017 йилда у шимоли-ғарбий Суриядаги бир қатор исломчи гуруҳларни Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) таркибида бирлаштириб, Идлиб вилоятида катта ҳудуд устидан назорат ўрнатди. Унинг асосий нияти Россия ҳомийлигидаги Асад тизимини ағдариш ва мамлакатдаги ички урушларни бостириш эди.

“Мақсадлар ҳақида гапирганда, инқилобнинг мақсади бу режимни ағдариш бўлиб қолмоқда. Бу мақсадга эришиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланиш бизнинг ҳуқуқимиздир”, деган Жўлоний CNN телеканалига берган интервьюсида.

2024 йил ноябрида Асад режимига қарши ҳал қилувчи ҳужумни бошлаган пайтда у баёнотларини илк бор ўзининг ҳақиқий исми – Аҳмад аш-Шара номи билан имзолай бошлади. Шу тариқа Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи аста-секин четга сурилди.

Шу йилнинг декабрида эса барчасини ўзгартирган воқеа юз берди. ҲТШ бошчилигидаги кучлар атиги 12 кун ичида Дамашққа кириб, Башар Асад ҳокимиятини ағдарди. Ҳокимият тепасига келган аш-Шара қисқа фурсат ичида бошқа давлатлар билан алоқаларни яхшилаб олди.

Жўлоний АҚШнинг Ироқдаги урушига қарши жанг қилган “Ал-Қоида” аъзоси бўлган, кейинчалик эса Суриядаги “Ал-Қоида” тармоғининг раҳбарига айланган. Шу сабабли Вашингтон уни суймас эди, Жўлоний исми АҚШ учун терроризм билан боғлиқ энг хавфли шахслардан бирини англатарди. Ҳатто бир вақтлар АҚШ уни қўлга олиш учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилганди.

Аммо бугун Жўлоний исми билан бирга икки давлат ўртасидаги совуқ муносабатлар ҳам йўқолди. Аш-Шара энди бемалол Оқ уйга кириб, Америка Президенти билан музокаралар олиб бормоқда.

Энди террорист эмас!

2026 йил 24 август куни Вашингтон Сурияни 47 йил давомида сақланиб келган АҚШнинг “терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар” рўйхатидан чиқарди. Қарор 45 кунлик Конгресс кўриб чиқиш муддати якунлангач кучга кирди. Шу билан бирга, АҚШ ҲТШни ҳам “Махсус белгиланган глобал террорчи ташкилот” мақомидан чиқарди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио қарорни Аҳмад аш-Шара бошчилигидаги Сурия ҳукуматининг халқаро терроризмдан узоқлашиш йўлидаги “ижобий ҳаракатлари ва кейинги мажбуриятлари” билан изоҳлади.

“Бу ҳаракатлар Президент Аҳмад аш-Шара бошчилигидаги Сурия ҳукумати томонидан амалга оширилган ижобий саъй-ҳаракатлар ва Сурияни халқаро терроризм ҳаракатларидан тўлиқ узоқлаштириш бўйича қўшимча мажбуриятларни эътироф этиш мақсадида амалга оширилди”, деди АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.

АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Дамашқ ўтган йилнинг ноябрида “Исломий давлат”га қарши Глобал коалицияга расман қўшилган, шунингдек, “Исломий давлат”, “Ал-Қоида”, “Ҳизбуллоҳ” ва Эрон билан боғлиқ гуруҳларнинг террор тармоқларига қарши амалиётлар ўтказган.

Бундан ташқари, Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний АҚШ қарорини “охирги тўсиқ”нинг олиб ташланиши деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, энди “инвестиция қилиш, бизнес юритиш ва Сурияда иқтисодий ҳаётни қайта тиклаш учун ҳеч қандай тўсиқ қолмаган”.

Аҳмад аш-Шаранинг ўзи эса бунинг учун Дональд Трампга видеомурожаат орқали миннатдорлик билдирди.

“Бугун Сурия елкасидаги қора доғни ўчириб, ўз қўллари билан оғриқли ўтмиши саҳифасини ёпмоқда ва тараққиёт, тикланиш ҳамда бунёдкорлик йўлига қадам қўймоқда. Буюк Сурия халқи, сиз яна бунга эришдингиз. Сизга нисбатан санкциялар бекор қилинди ва кишанлар узилди. Яратгандан сизларга хизмат қилишимиз учун бизга ёрдам беришини сўрайман”, деган у.

Сурия ҳукумати урушдан кейинги қайта қуриш учун миллиардлаб доллар инвестиция изламоқда. АҚШ эса айнан молиявий тизимга қайтиш учун эшикларни очишга тайёрлигини кўрсатди.

Сурия молия вазири Муҳаммад Ёсир Барния “Bank of America” вакиллари билан музокаралар ўтказмоқда. АҚШ банки вакиллари Сурияга ташриф буюриш ва ҳамкорлик масаласини давом эттиришга тайёр эканини билдирган. Mastercard эса май ойида Qatar National Bank ва Сурия Марказий банки билан халқаро карта тўловлари инфратузилмасини яратиш устида ишлаётганини маълум қилган.

Солиштирадиган бўлсак, 2024 йил охирида ҳокимият тепасига келган аш-Шара маъмурияти ўтган қисқа фурсатда халқаро доираларда кенг кўламда тан олинди. Санкциялар ҳам деярли тўла бекор қилинди. 2021 йилда Афғонистонда бошқарувни қўлга олган Толибон маъмурияти эса шу пайтгача ҳеч бир давлат томонидан де-юре тан олинмади ва халқаро санкциялар остида қолмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, аш-Шара олиб бораётган сиёсат бугун ўзини оқламоқда. Унинг ўтмиши эса бугунги имижига деярли таъсир эта олмаяпти.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг