Аш-Шара Нью-Йоркда ЕИ етакчилари билан учрашди

Олам

image

Кеча, 23 сентябрь куни Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Урсула фон дер Ляйен ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида қўшма баёнот эълон қилди.

Баёнотда ЕИ расмийлари учрашувни ижобий баҳолаб, асосий эътибор Суриянинг ўтиш давридаги муаммоларига қаратилганини билдирган. Улар Европа Иттифоқининг “чинакам, инклюзив, тинч ва сурияликларнинг ўзлари бошчилик қиладиган, зарарли ташқи аралашувлардан холи ўтиш жараёнига” бўлган қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

“Биз сиёсий мулоқотни кучайтиришга, долзарб гуманитар эҳтиёжларни қондиришга ва Суриянинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши ҳамда қайта қурилишини қўллаб-қувватлашга содиқмиз”, дейилади баёнотда.

Аш-Шара эса алоҳида чиқишида Исроил Сурия суверенитетини ҳурмат қилувчи хавфсизлик келишуви тузмагунча, Яқин Шарқ янги беқарорлик хавфи остида қолишидан огоҳлантирган.

Яқин Шарқ институти тадбирида сўзлаган Сурия етакчиси келишувга умид билдирган бўлса-да, режим ўзгаришидан кейинги Суриянинг заифлигидан фойдаланаётган Исроилнинг ҳужумлари давом этаётганини таъкидлаган. Шунингдек, Аш-Шара Исроил музокараларни чўзса ва ҳаво ҳудуди бузилиши ҳамда ҳудудий бостириб киришларни давом эттирса, бундан катта хавф пайдо бўлишини билдирган.

У Сурияни бўлишга қатъий қарши эканини айтиб, Исроил буни друз озчилигини ҳимоя қилиш баҳонасида илгари сураётганини танқид қилган.

“Иордания босим остида. Сурияни бўлиш ҳақидаги ҳар қандай гап Ироққа ҳам, Туркияга ҳам зарар келтиради”, дейди у.

Қайд этиш жоиз, Суриянинг собиқ президенти Башар Асад 2024 йилнинг декабрида қарийб 25 йиллик бошқарувдан сўнг ҳокимиятдан ағдарилганди. Шундан сўнг у Россияга қочиб кетди ва 1963 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келган Баас партияси режими тугади.

Жорий йилнинг январида шаклланган аш-Шара бошчилигидаги муваққат ҳукуматнинг асосий диққат маркази сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий бирдамлик ва халқаро алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияда мамлакатнинг собиқ президенти Башар Асад ҳукумати ағдарилганидан кейин биринчи парламент сайловлари жорий йилнинг 5 октябрь куни бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди. Сайловлар 60-90 кун ичида парламентни шакллантириш учун мўлжалланган вақтинчалик, билвосита сайлов тизими бўйича ўтказилади. 210 нафар парламент аъзосидан 140 нафарини сайлаш учун овоз бериш Суриянинг вилоятлари бўйлаб сайлов округларида бўлиб ўтади, қолган 70 нафарини Аҳмад ал-Шара тайинлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Урсула фон дер Ляйен Антониу Кошта Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг