“Манчестер сити” остонасидаги ўзбек
Спорт
−
05 Январь
12542Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини қаерда давом эттириши анча ойдинлашиб қолди, Эронда ўйнаётган ўзбекистонлик футболчилар клублари билан ҳамкорликни узайтирди. Элдор Шомуродов эса Романи тарк этишга яқин турибди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳали Жаҳон чемпионатига чиқмаган бўлса ҳам, мамлакатнинг медиа жамоаси бу ишни уддалади ва уларнинг мундиалдаги дебюти чакки чиқмаяпти.
Ассалому алайкум. Янги йилнинг илк ҳафтасида спорт оламида содир бўлган энг муҳим воқеалар билан QALAMPIR.UZ да Спорт дайжести.
Ўзбекистон МТЖ аъзоси Эрон клуби билан шартномасини узайтирди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Истиқлол” клуби футболчиси Жалолиддин Машарипов форс жамоаси билан яна 2 йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, ўзбекистонлик вингернинг “Истиқлол” билан янги шартномаси 2027 йилгача амал қилади. Машариповга Фарғонанинг “Нефтчи” клуби жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди, бироқ футболчи жорий клубида фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.
Маълумот ўрнида, футболчи эронликлар сафига 2023 йилда келиб қўшилган. У жорий мавсум жамоа таркибида барча мусобақаларда 21 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 3 та ассист қайд этди. 31 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячининг нархи “Transfermarkt” порталида 1,80 миллион евро этиб белгиланган.
Элдор Шомуродовга янги даъвогар пайдо бўлди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов “Эмполи”га ўтишга яқин турибди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Ди Марцио ўз Х саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, ўзбекистонлик футболчи римликлар мураббийи Клаудио Раньерининг режаларига кирмайди. Шу сабаб, клуб Шомуродовни қишки трансферлар ойнасидаёқ сотиб юбормоқчи. Айни дамга келиб, форвардга асосий даъвогар “Эмполи” жамоаси бўлиб турибди.
Маълумот ўрнида, 29 ёшли ҳужумчи “Рома” сафига 2021 йилда келиб қўшилган. Унинг шартномаси 2026 йилгача амал қилади. Шомуродов жорий мавсум клуб таркибида, барча мусобақаларда 13 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та ассист қайд этди.
Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионати рамзий жамоасига киритилди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатининг ярим йиллик рамзий терма жамоасига киритилди. Бу ҳақда лига матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, ўзбекистонлик футболчи ҳам киритилган ҳимоя тўртлигидан ПСЖ ҳимоячилари Ашраф Ҳакими, Виллиам Пачо ва Нуно Мендеш жой олди.
Маълумот ўрнида, 20 ёшли марказий ҳимоячи 2023 йилда клуб сафига келиб қўшилган ва у жорий мавсум жамоа таркибида барча мусобақаларда 16 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та ассист қайд этди. Ҳусановнинг нархи “Transfermarkt” порталида 12 миллион евро этиб белгиланган.
Абдуқодир Ҳусанов январь ойидаёқ АПЛга кўчиб ўтиши мумкин
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Ланс” клуби футболчиси Абдуқодир Ҳусанов қишки трансферлар ойнасидаёқ “Манчестер Сити”га ўтиши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўз Х саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, “Ланс” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар”нинг январь ойи учун тузган режасига киритилган. Бир қанча топ-клублар 20 ёшли футболчига қизиқмоқда, сабаби у дунёнинг энг истеъдодли марказий ҳимоячиларидан бири дея баҳоланяпти. Ҳозирда “Манчестер Сити” вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Шунингдек, клуб мухлислари ҳам ўзбекистонлик ҳимоячи ҳақида илиқ фикрда.
“Абдуқодир катта ҳимоячи, у менга Видич, Мальдини ва Пепени эслатади. Ҳусанов ҳимоянинг ҳар қандай қисмида бемалол ўйнай олади”, дейди “Манчестер Сити” мухлиси.
Иноуэ Аҳмадалиев билан жангга розилик берди
Иккинчи энг енгил вазн тоифасида япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев билан жанг қилишга рози бўлди. Бу ҳақда Иноуэнинг промоутери Боб Арум маълум қилди.
Арумга кўра, Наоя 24 январь куни Сэм Гудман билан жанг қилганидан сўнг, май ёки июнь ойида Лас-Вегас шаҳрида WBC камарини Алан Пикассодан ҳимоя қилади.
Шундан сўнг навбат Муроджон Аҳмадалиев билан жангга етиб келади. Ўзбекистонлик собиқ жаҳон чемпиони билан баҳс шу йил охирида ёки 2026 йил бошида Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган.
Қирғизистонда MMA тақиқланиши мумкин
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев мамлакатда аралаш яккакурашлар бўйича жангларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги жонли эфирда айтди.
Ташиевнинг фикрича, MMA спорт тури ёшларда ҳаётда муваффақиятга уришиш, куч ишлатиш ёки бир-бирини уриш орқали эришиш мумкин, деган нотўғри тасаввур уйғотади.
“Қоидасиз жанг спорт эмас, балки курашнинг бир тури. Бундай мусобақалар ёшларда муваффақиятга куч ва тажовуз орқали эришиш мумкин, деган нотўғри ишончни уйғотади. Таълим ва илмга таянадиган авлодни тарбиялашимиз керак”, дейди Ташиев.
У бундай фаолият тури нафақат ахлоқий меъёрларга, балки соғлиқ учун ҳам хавфли эканлигини таъкидлади. Ташиевга кўра, қоидасиз жангларнинг кўплаб иштирокчилари 40 ёшга келиб ногирон бўлиб қолади.
Ташиев спортчилар ва ёшларни жисмоний ривожланишга ёрдам берувчи ва давлат даражасида қўллаб-қувватланадиган олимпия спорт турларига ўтиш учун курашларда қатнашишга чақирди.
У, шунингдек, бошқа мамлакатларда жанг санъатининг машҳурлиги учун баҳоналарни рад этиб, Қирғизистон ўз қадриятлари ва устуворликларига эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. Ташиевга кўра, Ислом дини нуқтаи назаридан ҳам бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди, чунки бу спорт зўравонлик ва бир-бирига зарар етказишга асосланган.
LiveБарчаси