Асад режимидаги ядровий фаолият фош этилди: 73 тонна уран топилди

Олам

image

Суриянинг ағдарилган президенти Башар Асад даврида Дайр аз-Зор яқинида ядро реактори қурилиши бўйича ишлар олиб борилган ва Асад режими бу фаолият ҳақида Халқаро атом энергияси агентлигини хабардор қилишдан бош тортган. Шунингдек, воқеа жойида 73 тоннага яқин табиий уран топилган. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлигининг ҳисоботида айтилмоқда. 

Матбуот учун очиқ бўлган махфий ҳисоботларда айтилишича, МАГАТЭ жамоалари август ойида Суриядаги турли объектларга бориб, дала ишларини олиб борган.

Баёнотда айтилишича, Суриянинг Дайр аз-Зор ҳудудида олиб борилган дала кузатувлари давомида ядровий реактор инфратузилмасига мос келадиган совутиш инфратузилмалари аниқланган. Ҳисоботда, шунингдек, майдонда 73 тоннага яқин табиий уран топилгани, шундан 55 тоннаси 8 808 та иссиқлик ажратувчи йиғмалар, 18 тоннаси эса уран парчалари ва чиқиндиларидан иборат эканлиги қайд этилган. МАГАТЭ Асад режими ўтмишда ушбу реактор ва у билан боғлиқ ядровий материаллар ҳақида агентликни хабардор қилишдан бош тортганини билдирди. 

Агентлик иссиқлик ажратувчи йиғиш ишлари алоҳида объектда ағдарилган режим томонидан амалга оширилганини таъкидлаб, Дамашқ ҳукумати томонидан тақдим этилган кириш ҳуқуқи ва маълумотлар туфайли ретроспектив текширув ҳужжатлари якунланаётганини эълон қилди. Қолаверса, агентлик Сурияда ағдарилган режим давридан бери ядровий фаолият ва ноаниқликлар билан боғлиқ терговларда сезиларли ютуқларга эришилганини ва Дамашқ маъмурияти тўлиқ шаффофлик билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди. Агентлик ер қазиш ишлари давом этар экан, майдондаги фаолиятни кузатишда давом этишини билдирган. 

Сурия атом энергияси комиссияси раиси Мудар ал-Окла ўз баёнотида Сурия собиқ режим даврига оид ядровий масалаларни ҳал қилиш учун жиддий ва шаффоф қадамлар ташлаётганини айтган. Ал-Окла МАГАТЭ жамоаларига сўралган барча майдон ва объектларга тўлиқ кириш имконияти берилгани, шунингдек, зарур ҳужжатлар тақдим этилганини қайд этган. 

Ўтказилган текширувлар доирасида Дайр аз-Зордаги ал-Кибор майдончаси ва у билан боғлиқ бошқа объектларда текширувлар якунлангани, 73 тоннага яқин табиий уран топилгани ва МАГАТЭ кафолати остида олингани маълум қилинди. 

“МАГАТЭ ҳисоботи Суриянинг халқаро агентлик билан ишлашдаги очиқлик даражасини акс эттиради. Барча ядровий материаллар ва майдончалар учун кафолатларни таъминлаш халқаро ишончни мустаҳкамловчи муҳим қадамдир”, дейди Ал-Окла.

Ал-Окла Суриянинг келгуси даврдаги мақсади соғлиқни сақлаш, энергетика, озиқ-овқат ва сув таъминоти каби соҳаларда ядро фани ва технологиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, миллий ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўлишини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг