Асад Москвада! У Путинни ва унинг режимини сўзсиз қўллашини билдирди

Олам

image

Сурия Президенти Башар ал-Асад 14 март куни кечқурун расмий ташриф билан Москвага келди. У бугун, 16 март куни Кремлда Президент Владимир Путин билан учрашди. 

Асаднинг ташрифи Моксвадаги Александр боғида Номаълум аскар ёдгорлигига гулчамбар қўйишдан бошланди. У республика байроғи рангларидаги лента боғланган тўқ қизил атиргуллардан иборат гулчамбар қўйиб, ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Кремль матбуот хизматига кўра, икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда Россия-Сурия ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, шунингдек, Сурия ва унинг атрофидаги вазиятни ҳар томонлама тартибга солиш истиқболларини муҳокама қилган.

Путин икки мамлакатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли халқаро терроризмга қарши курашда сезиларли муваффақиятларга эришилганини айтган. 

“Биз доимий алоқадамиз ва муносабатларимиз ривожланиб бормоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва Россия Қуролли кучларининг Суриядаги ҳал қилувчи ҳиссаси туфайли халқаро терроризмга қарши курашда сезиларли натижаларга эришилди”, дейди Путин. 

У эришилган натижалар ижтимоий-иқтисодий ва ички сиёсий вазиятни барқарорлаштириш учун имконият беришини таъкидлаган. 

Путин Сурия халқи яна бир ўта жиддий муаммо – фалокат – зилзилага дуч келганидан афсусда эканини билдирган.

“Бу, албатта, вазиятни янада оғирлаштиради. Лекин биз ҳақиқий дўстлар каби сизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдамиз”, дейди у. 

Россия раҳбари фалокатдан кейин Сурияда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошидаги бўлинмалар ишлаганини эслатди. Унинг қўшимча қилишича, табиий офат оқибатларига қарши курашга Сурияда бўлган Россия Қуролли кучлари вакиллари ҳам ҳисса қўшмоқда. 

Путин, Москва ва Дамашқ ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йили 7 фоизга ошганини эслади. 

“Ҳамма нарсага қарамай, муносабатларимиз, жумладан, иқтисодий соҳада ҳам ривожланмоқда. Ўтган йил давомида товар айирбошлаш ҳажми етти фоизга ўсди”, дейди у. 

Путин, шунингдек, келаси йил Россия ва Сурия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 80 йил тўлишини урғулади. 

Ўз навбатида, Сурия Президенти Башар ал-Асад Россия расмийларига Араб Республикасидаги сўнгги зилзилалар оқибатларини бартараф этишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. 

“Зилзилалар оқибатларини бартараф этишда ёрдам берган Россия Федерацияси вазирлик ва идораларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Уларнинг иштироки туфайли қурбонлар сонини ва зарар кўламини сезиларли даражада камайтириш мумкин бўлди”, дейди у.

Шунингдек, у, ушбу ташриф икки давлат муносабатларида янги босқични бошлаб беришини айтди. 

“Биз Россия-Сурия [ҳукуматлараро] комиссияси фаолияти натижаларидан мамнунмиз ва менинг бугунги ташрифим мамлакатларимиз ўртасидаги барча соҳалардаги муносабатларда янги босқичга йўл очади”, деди у.

У “эски ва янги фашистлар”га қарши курашда Россияни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. 

“Украинада “махсус ҳарбий операция” бошланганидан буён Москвага биринчи марта келяпман ва фурсатдан фойдаланиб эски ва янги фашистларга қарши махсус операцияни қўллаб-қувватлаш бўйича Сурия позициясини таъкидламоқчиман. Мен буларни эски ва янги фашистлар деб атайман, чунки Ғарб ўз заминида эски нацистларни қабул қилган ва энди уларни яна қўллаб-қувватламоқда”, дейди Сурия раҳбари.

Музокараларда Россия томонидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудофаа вазири Сергей Шойгу, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ирек Файзуллин, Молия вазири Антон Силуанов, Президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков, Президент матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам иштирок этди.

Маълумот учун, Путин ва Асад охирги марта 2021-йил сентабрида Сурия президенти Москвага ташриф буюрганида кўришган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Башар ал-Асад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг