Арзанда. Президентликка номзод Сардор аслида ким?

Таҳлил

image

Пандемия аввалида соатлар тўхтаб қолгандек эди. Деразалар ортидан ташқарига боқарканмиз, энди дунё буткул бошқача бўлишини кутгандик. Одамзод ҳаммасидан хулоса чиқаргандек эди. Қайдай дейсиз бу сабоқ? Аксинча, вақт янада учяпти. Дунё аввалгидан ҳам абгор, аввалгидан ҳам азиятли, аввалгидан ҳам яраларга бой. 

Кечагина Афғонистондаги 40 йиллик урушга барҳам берилиб, бир халқнинг такрор ўз йўлини қуришдаги ҳаракатлари кузатилаётган бир вақтда йил бошидан Қозоғистон оёққа турди. Олмаотадаги портлаш бутун минтақани ларзага келтирди. Ағдарилган ҳайкал эмасди. Бус-бутун тарих, ўзга қўйилган шонли ғурур минбари эди. 

Қозоғистонни ҳам кўрдик. Унутишга улгурмадик. Украина можароси аланга олди. Уруш кунларини тахмин қилишни, ким ютиши устида гаров ўйнашни бошладик. Тўхтанг, дейишга ҳадди сиққанлар кам топилди. 

2022 йилнинг бор-йўғи 1,5 ойини яшадик. Ҳар куни янги иллат, ҳар куни янги можаро. Туркманистондан хушхабар келди. “Меҳрибон Арқадағ” ўз хоҳишига кўра, ҳокимиятни ўғлига, эй йўғ-эй, ёшларга ишониб топширишга аҳд қилибди. Бу Қозоғистондаги транзит бўлиб, транзит бўлолмаган Ҳукумат инқирози эффекти эмасми? 

Ёзда 65 ёшни қаршилайдиган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ўзи айтганидек бошқарувни ёшларга топширса, ўша ёш кадр ким бўлиши мумкин? Мамлакатда ўзини бўлғуси Президент сифатида кўришга “духи” етадиган фаол сиёсатдон борми? Ажабо, ўша ёш кадр Бердимуҳамедовнинг яккаю ягона ўғли Сардор эмасми? 

Хўш, Бердимуҳамедовнинг ўғли тахтга ўтиришга тайёрми? Биз у ҳақда отасининг арзандасилигидан бошқа нималар биламиз? Бугун шулар ҳақида гаплашамиз.

Арзанданинг болалиги

1981 йилнинг куз ойининг илк кунлари. 22 сентябрь санасида стоматолог Гурбангули Бердимуҳамедов оиласида икки қиздан кейин кутилган ўғил фарзанд дунёга келди. Унга етакчиларга хос характерга эга бўлсин деб Сардор исми қўйилди.

Сардорнинг онаси – Огулгерек Бердимуҳамедова 1957 йилда туғилган. Интернатда у ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Огулгерек омма олдида жуда кам кўриниш берган. Яқин вақтгача интернетда Бердимуҳамедованинг фотосуратлари умуман йўқ эди. Сабаби уни суратга олиш қатъиян тақиқланган. Фақатгина, 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва рафиқаси Эмина Эрдўған Туркманистонга ташриф буюрганидан сўнг, Туркманистон биринчи хонимининг сурати тарқалди.

Сардор Бердимуҳамедовнинг Гулжамол ва Гулшан исмли икки опаси бор. Унинг катта опаси Гулжахон Лондонда истиқомат қилади. У Туркманистоннинг углеводород ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш давлат агентлигининг Буюк Британиядаги вакили Иласгелди Амановга турмушга чиққан. Кичик опаси Гулшан эса Парижда яшайди. У Туркманистоннинг Франциядаги элчихонаси ходими Деря Отабоев билан оила қурган.

Кичик Бердимуҳамедов 1987-1997 йилларда Ашхобод шаҳридаги 43-сонли ўрта мактабда таълим олди. У мактабни тамомлагач, 1997 йилда Сапармурод Ниёзов номидаги Туркманистон қишлоқ хўжалиги университетига ўқишга кирди. Ўша йили унинг отаси Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазири этиб тайинланган эди.

Бўлажак раҳбарнинг оиласи

Маълумотларга кўра, Сардар Бердимуҳамедов 2001 йил, 20 ёшида оила қурган. Лекин унинг аёли ҳақида қидирув дастурларида ҳеч қандай маълумот йўқ. Уларнинг Керимгули исмли бир ўғил ва учта қиз фарзанди бор. Кичик Бердимуҳамедовнинг шахсий ҳаёти ҳар томонлама яширин. 

Туркман мухолифат матбуоти Сардор Бердимуҳамедов Женева шаҳрида ишлаган вақтда, унинг фарзандлари энг нуфузли ва қиммат “Ecolint” халқаро мактабида таҳсил олганини аниқлашга муваффақ бўлган. Мактаб маълумотларининг очиқлиги туфайли, Сардорнинг фарзандлари бу мактабда охиригача ўқимаган.

Сиёсатдаги илк қадамлар

Кичик Бердимуҳамедов 2001 йилда олийгоҳни битириб, бир муддат озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг ташқи иқтисодий алоқа бўлимида ишлади. Ўша йилнинг ноябрь ойида, у отасининг истаги билан икки йиллик ҳарбий хизматга борди. 2003 йилда Сардор ҳарбий хизматдан қайтиб, Туркманистон озиқ-овқат саноати уюшмасининг мева-сабзавот бўлимида иш бошлайди.

2006 йил 21 декабрь куни Туркманбоши – Президент Сапармурод Ниёзов вафот этгач, Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бошқарувини ўз қўлига олди. Ҳокимиятга келган “Арқадағ”, ягона ўғлини Россияга ўқишга жўнатди. 2008-2011 йиллар оралиғида кичик Бердимуҳамедов Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик академиясида халқаро муносабатлар факультетида таҳсил олди.

Сиёсий карьера

Сардор Бердимуҳамедов ўқишни тамомлагач, 2011-2013 йилда БМТнинг Женевадаги (Швейцария) бўлимидаги Туркманистон ваколатхонасида маслаҳатчи лавозимида ишлади. 2013 йилда хорижда сиёсий билимларни ўзлаштирган давлат раҳбарининг ўғли ватанга қайтади. “Арқадағ” ягона ўғлининг ёғи остига қўй сўйиб, уни кутиб олди. Ахир тарихда шоҳлар меросхўр шаҳзодани шундай кутиб олган-ку. 

“Арқадағ” ўз арзандасини Туркманистон углеводород ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш давлат агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланди. Арзанда отасининг соясида аста-секин ўсиб борди. 

2014 йилда Сардор Бердимуҳамедов Туркманистон фанлар академиясида номзодлик диссертациясини ёқлади, бир йил ўтмай техника фанлари доктори даражасини олди. У, шунингдек, Миллий жанг санъати федерациясини ҳам бошқарди ва отаси томонидан “Туркманистонда хизмат кўрсатган мураббий” фахрий унвони билан тақдирланди. 

2016 йилда кичик Бердимуҳамедов Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. 

Президентликка қадам

2019 йилнинг июль-август ойида, кутилмаганда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Ҳатто, ижтимоий тармоқларда “Туркманистон раҳбари вафот этди”, деган хабарлар ҳам тарқалди. Шундан сўнг “Арқадағ” ўзини боқий эмаслигини сезиб, ўғлига бирма-бир катта лавозимларни инъом қилди. Ахир, 2006 йилда Туркманистоннинг биринчи Президенти Сапармурод Ниёзов кутилмаганда вафот этиши ортидан, унинг ўғли Мурод Ниёзов раҳбарлик курсисини эгаллай олмаган эди. Бердимуҳамедов тушундики, агар ҳокимиятда умрининг охиргача қолса, қайтар дунё бўлиб тахт бошқанинг қўлига ўтиб кетиши мумкин.

2021 йил 11 февраль куни кичик Бердимуҳамедов отаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига қўйилди. Шунингдек, у Ахалтеке йилқичилик халқаро уюшмаси ва “Туркман Алабай” халқаро уюшмасига раҳбарлик қилади. Шу тариқа, “Арқадағ” ўз ўғлини ҳокимият пиллапоясига кўтаришни бошлади. 2022 йилнинг бошида Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалар бу жараённи тезлаштириб юборди.

2022 йил 11 февраль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз лавозимини ёш етакчиларга топшириб, Халқ маслаҳати раиси сифатида қолишини айтди. Шундан сўнг, Марказий Сайлов комиссияси 2022 йилнинг 12 март санасини Туркманистонда навбатдан ташқари Президентлик сайлов куни деб белгилади. 

Қизиғи шундаки, ҳар қандай президентлик сайловига камида уч ой тайёргарлик кўрилади. Туркманистонда эса бу жараён 24 кун ичидан бўлиб ўтади. Шундан ҳам сезишимиз мумкинки, “Арқадағ” тезроқ тахтни ўғлига топширмоқчи.

14 февраль куни “Арқадағ”нинг арзандаси Сардор Бердимуҳамедовнинг номзоди отаси раислик қилувчи “Туркманистон демократик партияси”дан илгари сурилган. Сардор айни дамда 41 ёшда бўлиб, у мамлакатда отасидан сўнг энг обрўли шахс ҳисобланади.

Туркманистондаги вазият бўйича бир нечта сиёсатшунослар ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институтининг поссовет тадқиқотлари маркази катта илмий ходими Станислав Притчин ТАСС мухбири билан суҳбатда шундай фикр билдирди:

“Қозоғистон мисоли шуни кўрсатдики, ҳокимиятни топширишга олдиндан тайёргарлик кўриш керак ва вазият ўзгариб кетишига йўл қўймаслик лозим. Гурбангули Бердимуҳамедов секин-аста давлат ишларидан узоқлашади, ўғли эса мамлакат равнақи учун жавобгар бўлади”.

Ҳукмрон Демократик партиянинг 14 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойида Бердимуҳаммедов номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди. Унда иштирок этган Бош вазирнинг амалдаги ўринбосари Сардор Бердимуҳамедов йиғилганларга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, агар у президентликка сайланса, “у аждодларнинг маънавий тамойиллари ва меросига амал қилишда давом этишига, бу йўлда бор куч-ғайратини аямасликка, Ватан ва халқ фаровонлиги, миллат раҳбарининг тарихий ваъдаларини ҳаётга татбиқ этишга қунт ва ижодий ёндашишига” ишонтирган.

Хулоса қилиб айтганда, “Арқадағ” ўз ўғлини Президент қилиб, ўзи Назарбоев сингари халқ маслаҳати раиси сифатида парда ортидан туриб мамлакатни бошқаришни режа қилгандек. Аммо бу режа қанчалик самарали эканлигини вақт кўрсатади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

877

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made