“Artel”нинг сиёсий “крыша”си ҳақидаги баҳс давом этмоқда. Ким жазавага тушди?
Жамият
−
16 Октябрь 2019
18201Хабарингиз бор, бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев “Artel” монополияси ва унинг сиёсий суянчиғи, “крыша”си ҳақида фикрларини эълон қилган эдик. Депутат ўз мақоласида “Куни кеча “Artel” "Миллий тикланиш" партиясини танлаганини англадим. Партия эмас, "Artel" танлади ва монополия сари интилишда сиёсий "крыша"га эга бўлди расман. Энди лоббизм билан расман шуғулланиш ва қонунчилик орқали де юре монопол бўлишга ҳаракат қилиш имконияти пайдо бўлди”, деган эди. “Миллий тикланиш” Кушарбоевнинг айбловларига жим қараб туролгани йўқ. У Кушербоевни Ўзбекистон парламентидаги энг “ўжар депутат” деб таърифлаб, қуйидагича жавоб қайтарди:
“Қуйидаги мулоҳазаларнинг сайлов жараёнларига ёхуд хусусий манфаатларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ҳисоблашингизни сўрайман. Чунки ушбу мақола ОАВ, айниқса, ижтимоий тармоқларда ўнлаб чиқишлари билан ўз сайловчилари эътиборини қозонган, парламентда эса “ўжар депутат” сифатида ном қозонган Расул Кушербоевнинг монополия билан боғлиқ айрим мулоҳазаларига муносабат тарзида ёзилди, холос.
Маълумки, бирон-бир луғатда “сиёсий жазава” иборасига шарҳ берилмаган. Аммо кейинги пайтларда “Тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш асосий вазифамиз” деган чақириқлар билан сайловчилар эътиборини тортаётган ЎзЛиДеП вакилларининг “Миллий тикланиш”нинг ҳар қандай хатти-ҳаракатига қаратилган кундошона ёндашуви ижтимоий-сиёсий мавзудаги луғатларни батамом янгилаш вақти келганидан далолат бераётгандек.
Агар ёдингизда бўлса, либераллар етакчиси гўшт масаласида арзимас “хаточа”га йўл қўйганида, партия номини тездан оқлаш, қандай қилиб бўлмасин, “гўшт” масаласини кун тартибидан чиқариб ташлаш вазифаси айнан Расул Кушербоев зиммасига юклатилган ва у ўз вазифасини аъло даражада уддалаб, гўшт истеъмоли билан боғлиқ эътирозлар оқимини бошқа ўзанга буриб юборишга муваффақ бўлган эди.
Куни кеча Расул Кушербоев зиммасига навбатдаги нозик топшириқ юклатилган кўринади. Узунқулоқ гапларга қараганда, бу сафар ҳурматли депутатимизга “Artel” компанияси вакилларининг “Миллий тикланиш”га аъзо бўлганлари сабабини аниқлаш ва омма орасида ушбу ҳаракатга нисбатан салбий фикрни шакллантириш вазифаси қўйилганмиш.
Ишончимиз комилки, Расул Кушербоев партияга аъзолик ҳар қандай фуқаронинг хоҳиши асосида амалга оширилишини, қонунчилигимизда хусусий корхона раҳбарларининг ҳам сиёсий партияларнинг ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаши ман этилмаганини яхши билади.
Бугун матбуотимизда у ёки бу фуқаронинг, ҳатто, йирик давлат тузилмалари мутасаддиларининг ҳам ўзи танлаган сиёсий кучлар сафига қўшилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушяпти. Бу табиий ҳол, албатта. Аммо “Миллий тикланиш” фаолиятидаги ёки сафларидаги ҳар қандай ўзгаришлар негадир либералларга эсни оғдирар даражада таъсир қилаётган кўринади.
Расул Кушербоев шундай ёзади: “Куни кеча “Artel” “Миллий тикланиш” партиясини танлаганини англадим, партия эмас, “Артел” танлади ва монополия сари интилишда сиёсий “криша”га эга бўлди расман. Энди лоббизм билан расман шуғулланиши ва қонунчилик орқали де юре монопол бўлишга ҳаракат қилиш имконияти пайдо бўлди”.
Агар ушбу фикрларни бошқа бир сиёсатчи билдирганида эди, афсуски, етарлича маълумотга эга эмас экан-да, дея хулоса чиқариш мумкин эди. Аммо мақола муаллифи Расул Кушербоев...
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: нега узоқ йиллар давомида либерал-демократлар сафига “Artel” каби ўнлаб йирик тузилмалар раҳбарлари ва уларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз қабул қилинганда сиёсий “крыша”лар ҳақида ҳеч ким гапирмади?
Танқид учун “Миллий тикланиш”ни танлаган Расул Кушербоев хулосаларини тўғри, деб қабул қилсак, унда Халқ таълими вазири жаноби Шерзод Шерматов яқиндан бошлаб ХДПни, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев эса ЎзЛиДеПни ўзига “крыша” қилиб олган бўлиб чиқяптими?
Зеро, “Artel” компаниясида минг-минглаб фуқароларимиз ҳалол меҳнат қилиб , бола-чақа боқаётганини, улар ҳам ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, бирон-бир партияга аъзо бўлишлари мумкинлигини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак.
Яна бир гап. Айни пайтда бозорларимизда “Artel”дан ташқари маиший техника ишлаб чиқарувчи яна 33 та корхона борлигини ҳам эътиборга олиш лозим. “Vista”, “S-Smart”, “Mirtech”, “Konig”, “Panda”, “Rosso”лар шулар жумласидандир.
Бугунга келиб, ушбу корхоналар импортни қисқартириб, маҳаллийлаштириш дастурига ўтиб боряпти.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибида эса бир қатор янги корхоналар очилмоқда, агар уларнинг фаолиятига ҳам “монополия” деб ёндашсак, бунда рақобат бўладими?
Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, либералларнинг пайдар-пай чиқишлари куйинчакликдан, нега тадбиркорлар бизни эмас, бошқа партияни танлаяпти, дея айюҳаннос солишдан бошқа нарса эмас.
Расул Кушербоев мақоласида қайд этилганидек, ушбу мақолага нуқта қўйилаётганида бизни ҳам бир савол ўйлантириб қўйди. Агар “Artel” “Миллий тикланиш”ни эмас, ЎзЛиДеПни танлаганида ушбу ёзишмалар, муносабатларга аниқлик киритишлар бўлармиди?
Йўқ, албатта! Чунки бошқа партиялар бундай масалаларга бағрикенглик билан, ҳалол рақобат нуқтаи-назаридан ёндашмоқдалар.
Кимдир қайсидир партияни танлагани учун жазавага тушиб эмас”.
LiveБарчаси