Арманлар Озарбайжонга ҳужум қилди. Қурбон бор
Олам
−
03 Август 2022
17631Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари кучли ўт очди. Оқибатда 1 ҳарбий қурбон бўлди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳодиса бугун, 3 август куни эрталаб содир бўлган.
“Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига кучли ўт очди. Оқибатда аскар Казимов Анар Рустам ўғли ўқ жароҳатидан шаҳид бўлди”, дейилади вазирлик баёнотида
Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.
Таъкидланишича, Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳужумга жавобан тегишли чораларни кўрган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та қишлоқи ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди.
Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси