Арманистон ва Туркия ўртасида араз тугаяпти. Яраш оши қачон?
Олам
−
07 Январь 2022
3704Бир неча йиллардан буён оқсаб келаётган Туркия ва Арманистон муносабатлари яхшиланади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли матбуотга маълум қилган.
Таъкидланишича, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 44 йил давом этган озар-арман уруши якунида, Қорабоғ ерларининг Бакуга қайтарилиши тўғри қарор бўлган, деб ҳисоблайди.
Якунига етган икки давлат ўртасидаги ер талашишлар ортидан Туркия ҳам ўзига қўшни Арманистон билан муносабатларини янги бошқичга олиб чиқиш умидида.
Туркия раҳбари 2021 йил 16 ноябрь куни Озарбайжон Миллий Мажлисида (парламент) сўзлаган нутқида Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан нафақат Озарбайжон, балки бутун минтақа давлатлари, жумладан, Арманистон ҳам манфаатдор эканлигини таъкидлаган.
Эрдўганга кўра, Туркия-Арманистон чегараларининг очилиши нафақат Анқара балки Ереваннинг ўзи учун ҳам катта фойда келтиради.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли 2021 йилнинг декабрида берган интервьюсида “Арманистон ва Туркия дипломатик алоқаларида янги саҳифа очилмоқда”, деб маълум қилган. Айни вақтда алоқаларни барқарорлаштириш бўйича махсус комиссия иш олиб бормоқда.
Алоқаларни яхшилаш бўйича икки давлат вакилларининг биринчи расмий учрашуви жорий йилнинг 14 январида Москва даллоллигида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 январь санасидан бошлаб Арманистон 2020 йилдан бери амалда бўлган Туркия маҳсулотлари импортига қўйилган тақиқни бекор қилган.
“Бу қадамлар Туркия-Арманистон муносабатларининг тикланишига умид уйғотди”, дейди Чавушўғли.
Маълумот ўрнида, Туркия ва Арманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар узоқ йиллар давомида “Арман геноциди” деб аталмиш даъволар ва Озарбайжонга тегишли Қорабоғ минтақасидаги ерларнинг ишғол қилиниши фонида салбий тус олган.
Арманистон мустақиллиги эълон қилинганидан кейин (1991 йил 21 сентябрь) Анқара ва Ереван ўртасидаги муносабат номутаносиблик даврини бошдан кечирди.
1993 йилда Озарбайжоннинг Калбажар вилояти босиб олинишига жавобан Туркия Арманистон билан чегарасини ёпиб, автомобиль, темир йўл ва ҳаво алоқаларини узган.
Аммо бу давр мобайнида давлатлар ўзаро икки томонлама диалогни яхшилашга ҳаракат қилиб келган. Хусусан, 2005 йилнинг апрелида Туркияда Бош вазир лавозимида бўлган Ражаб Тойиб Эрдўған Арманистон Президенти Роберт Кочарянга мактуб йўллаб, 1915 йилги геноцид воқеаларини таҳлил қилиш учун қўшма комиссия тузишни таклиф қилган.
Кочарян Эрдўған ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда муносабатларни нормаллаштириш учун юқори даражада сиёсий диалог олиб бориш таклифини билдирган.
Қирқ тўрт йил давом этган можаролар мобайнида, 30 йиллик Арманистон оккупациясидан сўнг, 2020 йил Қорабоғ ерларининг Озарбайжонга қайтарилиши Ереван ва Анқара ўртасидаги муносабатлар илиқ тус ола бошлашига туртки бўлди.
LiveБарчаси