Арманистон КХШТдан қувилиши мумкин
Олам
−
10 Июнь 5320 2 дақиқа
Арманистон икки йилдирки Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бюджетига бадал тўламаяпти. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров КХШТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, КХШТ иштирокчилари Арманистонга нисбатан “ташкилот уставининг тегишли моддасини” қўллашни кўриб чиқади. Уставга кўра, Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ёки ташкилотдан бутунлай чиқариб юборилиши мумкин.
“Арманистондаги сайлов куни ҳамкасбим Арарат Самвелович Мирзоян КХШТ масаласи нима бўлиши ҳақидаги саволга “Биз бадал тўламаяпмиз, чунки шунчаки унда иштирок этмаяпмиз”, деб жавоб берди. Арманистоннинг КХШТ бюджети олдидаги қарздорлиги икки йилдан ошиб кетди – бу вазият ташкилот уставида кўзда тутилган ва биз бугун КХШТ уставининг тегишли моддасини ишга солишни кўриб чиқишга келишиб олдик”, дейди Лавров.
КХШТ уставининг 25-моддасига биноан, агар ташкилотга аъзо давлат икки йил давомида бюджет олдидаги қарздорлигини узмаса, Коллектив хавфсизлик кенгаши ушбу мамлакат фуқароларини КХШТ доирасидаги квотали лавозимларга номзод сифатида кўрсатиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйиши, шунингдек, қарздорлик узилгунга қадар мамлакатни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин. 20-моддада эса аъзо давлат устав талабларини бажармаган тақдирда, Кенгаш ушбу мамлакатни ташкилотдан чиқариб юбориши мумкинлиги кўзда тутилган. Бундай вазиятда қарор ўша мамлакатнинг овози ҳисобга олинмаган ҳолда қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон 2024 йилнинг февраль ойида КХШТга аъзолигини музлатиб қўйган эди. Бу қарор иттифоқчилар ўз мажбуриятларини бажармаётгани ва ўз масъулият ҳудудларини тан олмаётгани билан изоҳланганди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян КХШТни республика хавфсизлигига таҳдид деб атаган. У “зарурат туғилган тақдирда” Арманистоннинг ташкилотдан чиқиши мумкинлигини истисно қилмаган эди. Июнь ойида бўлиб ўтган КХШТ Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишида Арманистон вакили иштирок этмади.
Live
Барчаси