Арманистон ҳарбийлари Озарбайжон чегарасини бузгани маълум бўлди 

Олам

image

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон ҳарбий хизматчилари Арманистон-Озарбайжон чегарасини бузганини эълон қилди

“1 июнь куни тахминан соат 20:00 ларда Арманистон Қуролли кучлари 40 га яқин кишидан иборат бўлиб, Озарбайжон Республикасининг Келбажар вилоятидаги Армудлу қишлоғи томон келди”, дейилган вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, Арманистон ҳарбийлари Озарбайжон ҳудудидан чиқарилган. Мудофаа вазирлиги ушбу операция давомида Озарбайжон томони қурол ишлатмаганини таъкидлаган.

“Арманистон қуролли кучларининг Озарбайжон ҳудудига бостириб кириши — бу яна бир провокация ва бунинг учун жавобгарлик бутунлай Арманистон томонида”, дейилган вазирлик хабарида. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, бу воқеа Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазиятни янада оғирлаштиради.

Аввалроқ, Арманистоннинг олти ҳарбийси Озарбайжон чегарасини бузиб кираётганда қўлга олингани ҳақида хабар бергандик. 

Пашинян бу ҳолатга муносабат билдириб, арман аскарлари нега чегарани бузиб ўтишга уринганига тўхталмай, уларнинг қўлга олинишини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши, дея талқин қилди.

Бундан аввалроқ эса, расмий Ереван чегарада отишма юз берганини, тўқнашувда бир аскари ҳалок бўлганини айтганди. Баку эса еттита юк машинаси Арманистон Қуролли кучлари шахсий таркиби билан чегаранинг белгиланган қисмига яқинлашишга уринганини, аммо вазият ўқ узишсиз ҳал этилганини билдирган. 

Таъкидлаш жоизки, бунгача ҳам Ереван Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларида Бакуни айблаб чиққанди. 

Расмий Баку Ереваннинг Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларига муносабатини номуносиб, деб баҳолаган ва Арманистон расмийларини сайлов арафасида вазиятдан ички сиёсий мақсадларида фойдаланмасликка чақирган. 

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг ноябрь ойида Арманистонда бошланган сиёсий инқироз фонида ҳукумат ва сиёсий партиялар муддатдан олдин сайловларни жорий йил 20 июнда ўтказишга келишиб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг